Фаровонлиги ошиб, дунёқараши кенгайгани сари одамларимиз ҳар томонлама обод яшашга интилмоқда. Қурилиш материаллари, мебель ва маиший ускуналарга талаб ортиб бормоқда.
"Ўзэкспомарказ"да очилган халқаро кўргазмаларда бу соҳадаги энг сара маҳсулотлар намойиш этилмоқда. «UzBuild Tashkent – 2017» кўргазмасида қурилиш ва пардозлаш материаллари, уларни ишлаб чиқариш технологиялари, «MebelExpo Uzbekistan – 2017»да хонадон ва офис мебеллари, интерьерлар, «Aquatherm Tashkent – 2017» кўргазмасида иситиш ва совутиш, сунъий иқлим ҳосил қилиш, ҳавони тозалаш техникаси, сантехника ва сув ҳавзалари ускуналари тақдим қилинаётир.
Кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ҳамда «ITE Uzbekistan» халқаро кўргазма компанияcи ҳамкорлигида ташкил этилган.
Мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати изчил ривожланмоқда. Янги корхоналар ташкил этилаётгани ва мавжудлари модернизация қилинаётгани натижасида маҳсулотлар сони ва сифати ошмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурлари самарасида импорт ўрнини босувчи товарлар ўзлаштирилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда минглаб турдаги қурилиш материаллари ва мебеллар ишлаб чиқарилмоқда. Халқимизнинг қурилиш материаллари, уй ва офис жиҳозларига талаби маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан тўлиқ қопланмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожлантирилаётгани, халқаро ҳамкорликка кенг йўл очилаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур кўргазмаларда ҳам Германия, Италия, Туркия, Швейцария, Швеция, Финляндия, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия, Қозоғистон каби мамлакатлар савдо ва саноат ташкилотлари, қурилиш йўналишидаги компания ва идоралари вакиллари иштирок этмоқда. Италиянинг бетон технологиялари ишлаб чиқарадиган “Imteco” компанияси, гидравлик бурғилаш қурилмаларини ишлаб чиқарувчи “Comacchio SRL” заводи, Туркиянинг қурилиш материалларига ихтисослашган “Dal Teknik Makina Ticaret Ve A.S.” компанияси, Бирлашган Араб Амирликларининг алюмин профил экструзиясини тайёрловчи «Arabian Extrusions Factory» компанияси шулар жумласидандир.
«MebelExpo Uzbekistan – 2017» кўргазмасида 19 мамлакатнинг 110 дан зиёд компанияси энг сўнгги технологиялар ва маҳсулотларининг сара намуналарини тақдим этмоқда. Мебель савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар замонавий мебель модаси, бугунги бозор талаблари ҳақида маълумот олмоқда.
«Aquatherm Tashkent – 2017»да иситиш, сув таъминоти, сантехника, сунъий иқлим ҳосил қилиш, ҳавони тозалаш, сунъий ҳовузлар, сауна ва спа тизимлари учун ускуналар ишлаб чиқарувчи маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирок этаётир. «Amitech Astana – шишапластик қувурлар» (Қозоғистон), «GREE – кондиционерлар» (Хитой), «Baxi Group – қозонлар» (Италия), «Akfa – радиаторлар, ҳаво тозалаш ускуналари», «TarlePlast – пўлат қувурлар», «Master Building Products – Vero бренди остида қувурлар ва фитинглар» каби миллий ва чет эл компанияларини мисол келтириш мумкин.
Хорижлик мутахассисларнинг эътирофича, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш, ёғочга ишлов бериш материаллари, иситиш, ҳавони тозалаш қурилмалари юқори сифати ва арзонлиги билан минтақа ва жаҳон бозорида жуда харидоргир. Шунинг учун ҳам тадбиркорларимиз томонидан таклиф этилаётган маҳсулотлар юқори нуфузга эга бўлган товар белгисига айланиб, бу маҳсулотларни сотиб оладиган мамлакатларда улар рақобатбардошлиги билан ажралиб туради. Жумладан, хорижлик истеъмолчилар мамлакатимизнинг «Akfa Imzo», «Azia Mozaik», «Arm-Composite», «Steel Technology», «Atlas Invest», «Muborak mebel» каби компаниялари маҳсулотларини юқори баҳолайди.
– Компаниямиз пўлат ва бетондан турли кўриниш ва ҳажмдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаради, – деди Германиянинг «Weiler» компанияси ходими Роман Иванов. – Икки йил аввал компаниямиз Жиззах вилоятида ўз филиалини очди, вилоят марказидаги “Зенаткор темир-бетон буюмлари” корхонаси компаниямиз ускуналари билан қайта жиҳозлангач, маҳсулот ҳажми ортиб, сифати яхшиланди. Янги технология асосида корхонада 14 турдаги темир-бетон буюмлари тайёрланмоқда. Ўзбекистон бозорида маҳсулотларимизга талаб ортиб бормоқда. Бундай халқаро кўргазмалар хорижлик тадбиркорлар учун ҳамкорлар топиш, инвестиция киритиш, маҳсулотларимиз бозорини кенгайтиришда қўл келмоқда.
2009 йилдан бери Бутунжаҳон кўргазма саноати уюшмаси (UFI) ўтказиб келаётган мустақил аудит «UzBuild Tashkent» халқаро кўргазмаси кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётганини кўрсатди. Жорий йилдан бошлаб «UzBuild Tashkent» ўз тараққиётини янги босқичга кўтариб, «ITE» компаниясининг ушбу тармоқдаги тадбирлари туркумини «WorldBuild Tashkent» бренди остида давом эттиради.
– Кўргазмада энергия тежовчи ромлар, фасад учун фойдаланадиган янги конструкциялар, уй ва офис жиҳозлари билан қатнашмоқдамиз, – деди «Imzo» компаниясининг савдо менежери Адҳам Ҳабибов. – Биз таклиф этаётган маҳсулотлар совуқда хона ҳароратини мўътадил сақлаши, ёз кунларида иссиқ ҳавони ўтказмаслиги билан истеъмолчиларга манзур бўлмоқда. Ҳозир нафақат юртимизнинг барча ҳудудларига, балки МДҲ давлатлари бозорларига ҳам маҳсулотларимизни етказиб бермоқдамиз. Бу йилги кўргазмада ўтган йилдагига нисбатан 40 фоизга кўп шартномалар имзолаш ниятидамиз.
Ташкилотчиларнинг фикрича, «MebelExpo Uzbekistan – 2017» мебель ва ёғочга қайта ишлов бериш бозори конъюнктураси ва ўсиш даражаси, янги мавсум учун замонавий мебель трендлари, янги технология ва ноу-хаулар ҳақида қимматли маълумотлар майдони бўлиб қолади. Илк бор ўз маҳсулотларини намойиш этаётган маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари, тадбиркорларга келгусидаги истиқболли ҳамкорлик ва манфаатли лойиҳаларга йўл очади.
Халқаро форум қурилиш, мебель саноати, иситиш ва сув таъминоти соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда қурилиш материаллари ва ускуналари, интерьер ва дизайн, дераза, эшик ва фасадлар, керамика ва пардозлаш тошлари, архитектура ва безаш дизайни, кўчмас мулкка оид бўлимлар ишлаб турибди.
Ярмарка доирасида қурилиш ва мебель маҳсулотларини экспорт қилувчилар ва уларнинг ҳамкорлари иштирокида давра суҳбатлари, музокаралар ташкил этилиши, ярмарка қатнашчиларининг маҳаллий компания ва корхоналарга, қурилиш комплексларига ташриф буюришлари ҳам режалаштирилган.