“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори томонидан тасдиқланган режага асосан навбатдаги учрашув Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ташкил этилди. Унда тумандаги жисмоний ва юридик шахслар таклиф этилди.
Учрашувни Наманган Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи Абдурашид Убайдуллаев очиб, учрашувнинг мазмун моҳияти хусусида сўзлаб берди.
Сўнгра йиғилишда “Ўзстандарт” агентлигининг “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси бўлим бошлиғи Хайрулла Абдулхаков сўзга чиқиб, туманда ташкил этилган Халқ билан мулоқотни ташкил этишдан мақсад, тадбиркорларга Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш йўналишларида амалий ёрдам бериш эканлиги тўғрисида маълумот берди.
Шунингдек, йиғилишда А. Убайдуллаев “Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, экспортда фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иштирокини хар томонлама рағбатлантириш” йўналишида Ҳукуматимиз томонидан кенг қамровли ишлар олиб борилётганлиги, жумладан 2016 йилнинг 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли Фармони шу ислоҳотларнинг узвий давоми эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-2750-сон Қарори қабул қилиниши тадбиркорликни ривожлантиришда туб бурилиш бўлганлиги тўғрисида ҳам гапириб ўтди .
Тадбиркорлар учун яратилган “ягона ойна”, “онлайн ҳужжатларни қабул килиш” тизимлари, вазирлик ва идораларда ўрнатилган ишонч телефонлари бизнесни ривожлантиришга, техник тўсиқларни бартараф этишга шунингдек, шаффофликни таъминлашга қаратилган. Бу борада “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинганлиги тўғрисида хам айтиб ўтди.
Шундан кейин сайёр қабул учрашуви қатнашчиларига Наманган стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда “Наманган синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар тўғрисидаги батавфсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, Наманган СМБ да бугунги кунда стандартларни текшириш ва назорат қилиш ҳамда ўлчовларни ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича давлат инспекторлари, алкогол маҳсулотлари сифати бўйича давлат инспектори, меъерий хужжатларни экспертизаси ва уларни рўйхатдан ўтказиш ва маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси вакили фаолият кўрсатаётганлигини айтиб ўтди.
Учрашув жараёнида, тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, уларга стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказиб борилаётганлиги, экспортёр корхоналар билан амалий кўмак бериш режаларини тузиш ва келишиш ишлари якунланаётганлигини борсида ҳам ахборот бериб ўтилди.
Сайёр қабул тадбирида “Наманган синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси директори Ботиржон Бойбобоев сўзга чиқиб, марказда яратилган барча қулайликлар, унинг таркибидаги бўлимлар, сертификатлаштириш идоралари, синов ва қиёслов лабораториялари томонидан аҳоли, тадбиркорлар ва кичик бизнес вакилларига кўрсатилаётган хизматлар турлари ҳақида, ўлчов воситаларини қиёслаш кўчма автомобилларда жойида чиқиб амалга оширилаётганлигини айтиб ўтди. Бугунги кунда марказда махсулотларни сертификатлаштириш бўйича идора фаолият кўрсатаётганлиги ва унинг аккредитация доираси барча маҳсулотларга кенгайтирилганлигини таъкидлади.
Шундан сўнг йиғилиш иштирокчиларига, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, махсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси, сифат тизими тўғрисидаги буклетлар тўпламлари тарқатилди ва иштирокчиларнинг соҳага оид қизиқтирган саволларига жавоб берилди:
1. “Оромгоҳ савдо маркази” МЧЖ дан савол:
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинаётганда, мувофиқлик сертификатларини олиш мажбурийми? Масалан, корхонамизда ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган янги турдаги макарон маҳсулотини қўшни Қирғизистон Республикасига экспорт қилмоқчимиз?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги 122 - сонли қарорига мувофиқ мажбурий эмас. Ушбу Қарорининг 3-бўлими, 1-бандига асосан маҳсулотларни чет элга экспорт қилишда сертификатлаштириш ихтиёрий ҳолда амалга оширилади.
2. “Озик-овкат савдо инвест” МЧЖ дан савол:
- Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш учун буюртмани электрон тарзда берилса, сертификатлаштириш идорасига корхона вакилининг бориши шартми?
Жавоб: Маҳсулотни сертификатлаштириш учун буюртмани электрон тарзда берганингизда сертификатлаштириш идорасига боришингиз шарт эмас. Электрон буюртмангизга асосан барча сертификатлаштириш учун ҳужжатлар сертификатлаштириш идораси мутахассислари томонидан икки кун ичида тайёрланиб, маҳсулотларингиздан сертификатлаштириш синовлари учун намуналар танлаб олиш ёки ишлаб чиқаришни ўрганиш мақсадида борилади. Ушбу жараёнлар давомида барча сертификатлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар расмийлаштириб олинади.
3. “Водий таъмир таъминот базаси”МЧЖ дан савол:
- Корхонамизга келтирилаётган бутловчи қисмларларни сертификатлаштириш учун буюртмани электрон тарзда берилса, қанда муддатда сертификатлаштириш ишлари олиб борилади?
жавоб: Электрон буюртмага асосан барча сертификатлаштириш учун ҳужжатлар сертификатлаштириш идораси мутахассислари томонидан икки кун ичида тайёрланиб, маҳсулотлардан сертификатлаштириш синовлари учун намуналар танлаб олиш мақсадида борилади. Ушбу жараёнлар давомида барча сертификатлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар расмийлаштириб олинади. Шунингдек доимий келтирилаётган махсулотларни сертификатлаштириш 3 схема бўйича ишлаб чиқарувчи (экспорт қилувчи) корхонага борган холда сертификатлаштирилса, шунда 3 йил мухлатда махсулотни олиб қириш процедураси енгиллашади.
4 . “Акбар Мубина Амир” МЧЖ дан савол:
- Четдан олиб келтирилаётган технологик ускуна ва уларнинг бутловчи қисмлари учун хорижий давлатларда берилган мувофиқлик сертификатларини тан олиб, миллий мувофиқлик сертификатларини рамийлаштириш божхона хужжатларини расмийлаштиршда кулайликлар яратадими?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 октябрдаги 292-сонли қарори айнан четдан олиб келтирилаётган технологик ускуна ва бутловчи қисмларини сертификатлаштириш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган бўлиб, ушбу қарорда 50 та давлатда ишлаб чиқарилаётган технологик ускуна ва уларни бутловчи қисмлари учун расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатлари ва синов баённомаларини эътироф этиш кўзда тутилган. Ушбу қарорни қабул қилиниши ишлаб чиқарувчи корхона ва тадбиркорлик субъектлари учун божхона хужжатларини расмийлаштириш жараёнида енгилликлар яратади.
5. “Нурилло файз савдо” ХК дан савол:
- Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида бир мартали тўловнинг миқдори қайси хужжатга асосан ҳисоб - китоб қилинади?
Жавоб: Маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида амалга ошириладиган бир мартали тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 11 октябрда 2516-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси Сертификатлаштириш миллий тизимида иш ва хизматларга хақ тўлаш қоидалари” га асосан амалга оширилади.
6. “Чорток савдо гузари” ИЧК дан савол:
- Маҳсулотга амалдаги меъёрий ҳужжатнинг муддати тугаб, ўрнига янги меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилган бўлса, янги меъёрий ҳужжатга асосан бошқатдан мувофиқлик сертификати олишимиз шартми? Мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун тўлов нима бўлади?
Жавоб: Маҳсулотга амалдаги меъёрий ҳужжатнинг муддати тугаб, ўрнига янги меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилган бўлса, сертификатланган маҳсулотингизга навбатдан ташқари инспекция назорати ўтказилади. Инспекция назорати вақтида маҳсулотларингиздан намуналар танлаб олиниб, янги ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатнинг барча талаблари бўйича синовлар ўтказилади. Синовларнинг ижобий натижаларига асосан, муддати тугаган меъёрий ҳужжатга асосан берилган мувофиқлик сертификати бекор қилиниб, ўрнига янги ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатга асосан мувофиқлик сертификати расмийлаштириб берилади. Мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун бир марталик тўловнинг, дастлабки сертификатлаштирилгандаги ҳолати амалда қолади.
7. “Чорток мунира ширинликлари” МЧЖ дан савол:
- Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотимизни чет элга экспорт қилиш учун сертификатлаштириш идорасига қандай ҳужжатларни тақдим этишимиз лозим бўлади?
Жавоб: Вазирлар Махкамасининг 2011 йил 28 апрел кунги 122-сонли Қарорининг 3-бўлими, 1-бандига асосан маҳсулотларни чет элга экспорт қилишда сертификатлаштириш ишлари ихтиёрий ҳолда амалга оширилади. Ҳозирги кунда Наманган шаҳар, Нодира кучаси, 9-уйда жойлашган Наманган марказига мурожаат этсангиз маҳсулотингизни ихтиёрий сертификатлаштириш учун хужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам берилади.
8. “Чорток нон” МЧЖ дан савол:
- Сертификатлаштирилиши ихтиёрий бўлган махсулотларни сертификатлаштириш жараёнида меъёрий хужжатдаги барча кўрсаткичлар бўйича синовлардан ўтказиш мажбурийми ёки мажбурий эмасми?
Жавоб: Сертификатлаштириш идораси буюртмачи билан келишилган холда махсулотнинг асосий кўрсаткичлари бўйича синовдан ўтказиб, сертификатлаштиришни амалга оширади.
9. “Азиз Халим Карим” МЧЖ дан савол:
- Маҳсулотларни мувофиқлигини декларациялаш йўли билан сертификатлаштириш учун, корхонада сифат тизими сертификатланган бўлиши шартми?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2015 йил 6 апрелда 1465-сон билан рўйхатга олинган “Маҳсулотларни хавфсизлик талабларига мувофиқлигини декларациялаш” тартибининг 3-хат бошисининг 3-бандига асосан маҳсулотларни мувофиқлигини декларациялаш йўли билан сертификатлаштириш учун корхонада сифат тизими сертификатланган бўлиши шарт.
10. «Куалитатив оил» МЧЖ дан савол:
- Корхонамизга хориждан ишлаб чиқариш дастгоҳлари қисмларга ажратилган ҳолда олиб келинмоқда. Ушбу дастгоҳларга мувофиқлик сертификатини олиш тартиби қандай?
Жавоб: Қисмларга ажратилган ҳолда олиб келинган ишлаб чиқариш дастгоҳлари ишлаб чиқариш жойига ўрнатилиб ишга туширилгандан сўнг мувофиқлик сертификти расмийлаштирилади. Божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун “Ўзстандарт” агентлиги ёки унинг ҳудудий марказларидан дастгоҳлар жойига ўрнатилиб ишга туширилгандан сўнг мувофиқлик сертификати расмийлаштириш тўғрисида маълумотнома олишингиз мумкин.
11. “Чорток марвариди” МЧЖ дан савол:
- Сертификатлаштирилиши мажбурий бўлмаган маҳсулотлар рўйхати қайси хужжатда келтирилган? Маълумот берсангиз.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2011 йил
28 апрелдаги 122-сонли Қарорини 1-иловасида сертификатлаштирилиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхати кўрсатиб ўтилган. Ушбу рўйхат билан “Ўзстандарт” агентлиги ва ёки Наманган марказининг веб-сайтларига мурожаат қилиб, танишингиз мумкин.
12. Жисмоний шахс Э.Абдуллаевдан савол:
- Маиший газ хисоблагичларнинг яроқлилиги ёки яроқсизлиги тўғрисидаги расмий хулоса ким томонидан берилади?
Жавоб: Маиший газ хисоблагичларнинг яроқлилиги ёки яроқсизлиги тўғрисидаги расмий хулосани фақат давлат метрологик хизмати корхонаси мутахассислари томонидан давлат метрологик текширувининг натижаларига мувофиқ.
13. Жисмоний шахс У.Рахимовдан савол:
- Қандай ўлчаш воситалари мажбурий давлат қиёсловидан ўтказилиши кайси норматив хуқуқий хужжатда кўрсатиб ўтилган?
Жавоб: Давлат метрологик текшируви ва назорати тадбиқ этиладиган доираларда қўлланилаётган ўлчаш воситалари мажбурий давлат қиёсловидан ўтказилади. Бу талаб Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасида назарда тутилган.
14. Жисмоний шахс А.Мамаджановдан савол:
- Янги ишлаб чиқарилган электрон электр хисоблагичлар қиёслашга тақдим қилиниши шартми?.
Жавоб: Йуқ, шарт эмас. Янги хисоблагичлар ишлаб чиқарувчи корхона томонидан қиёслашдан ўтказилади ва унинг паспортига қиёсланганлиги тўғрисида керакли ёзувлар киритилади.
15. Жисмоний шахс Б.Ходжаевдан савол:
- Деҳқон бозорларида маҳсулотларни сотишда фойдаланилаётган ўлчаш воситалари (тарози ва тарози тошлари) қандай муддатларда давлат қиёсловидан ўтказилиши шарт?
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Ўлчаш воситалари номлар рўйхатига мувофиқ Деҳқон бозорларида маҳсулотларни сотишда фойдаланилаётган тарози ва тарози тошлари 1 йилда 1 маротаба давлат қиёсловидан ўтказилиши шарт.
16. “Садокат” МЧЖ дан савол:
- Корхонамиз O’z DSt ISO 9001:2009 стандарти бўйича сертификатланган. Бу йил тизимни O’z DSt ISO 9001:2015 тахрири бўйича сертификатлаштир-моқчимиз. Бунинг учун биз корхонамизда ишлаб чиқилган СМТ хужжатларини бекор қилиб, яна янги тахрирда ишлаб чиқиб жорий қилишимиз керакми?
Янги тахрирда стандартда мажбурий процедура хужжатларини, сифат бўйича қўлланмани ишлаб чиқишга бўлган талаблар мавжуд эмас. Бу стандарни жорий қилишда корхона ходимлари ижодий ёндошган холда ишлаб чиқишни тавсия этмоқда. Хар бир жараён хужжатлларини ишлаб чиқишда жараёнга таъсир қилувчи хавфлар (риски) ва корхона имкониятлари хисобга олиниши керак.
17. “Шодлик Чорток Инвест” ХК дан савол
- Олдин СМТ га берилаётган сертификат 3 йил муддатга берилар эди. Хозир эса 5 йил муддатга берилаётганини эшитдим. Шу тўғрими?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2016 йил 16 январда 2754-сон билан рўйхатга олинган “Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом” га асосан СМТга сертификат 5 йил муддатга берилади.
Йиғилиш сўнгида “Ўзстандарт” агентлигининг Наманган СМБ бошлиғи А.Я.Убайдуллаев йиғилиш иштирокчиларига миннатдорчилик билдирган ҳолда, бу каби учрашувлар келгусида ҳам ташкиллаштирилиши ҳамда муаммо ва таклифлар бўлса “Ўзстандарт” агентлигининг 0-371-150-23-00 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди.