Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қарши туманида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар билан танишди.
“Нишон кўзгу” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан Қарши шаҳрида чорва молларини автоматизациялашган кушхона, гўштни сақлаш ва қадоқлаш комплекси ташкил этилмоқда. Бунинг учун хориждан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилган.
Ушбу лойиҳа иқтисодий самарадорлик билан бирга улкан ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Замонавий кушхона ва музлаткич озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги ҳамда хавфсизлигини таъминлайди. 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари бундай кушхоналарни барча ҳудудларда ташкил этиш, ветеренария ва санитария хизматларини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Яккабоғ туманида ташкил этилаётган “Қорабайир отчилик мажмуаси” хўжалиги наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган. Мажмуада 200 тагача йилқи боқилиб, ички ва ташқи бозорларга сотилади. Қирқдан ортиқ киши иш билан таъминланади.
Қорабайир отлари миллий ифтихоримиз экани, уларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари аввал Косон туманида барпо этиладиган чорвачилик комплекси лойиҳасини кўздан кечирди.
Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги изчил ривожланиб, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларда юқори натижаларга эришилмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилаётгани, хусусий мулкчиликка кенг йўл очилгани халқимиз фаровонлигини ошириш, уни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда.
Икки минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий типдаги чорвачилик комплекси нафақат вилоят, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари аҳолисини ҳам гўшт ва сут билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлган лойиҳани келгуси йилнинг биринчи чорагида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Мажмуа қурилиши учун 12 гектар, чорва молларига озуқабоп экинлар етиштириш учун 750 гектар ер майдони ажратилади. Бу ерда йилига 4 минг 280 тонна сут ва 210 тонна гўшт етиштириш, 140 иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Президентимиз чорвачилик комплексига хориждан наслдор қорамоллар олиб келиш, уларни зарур технологиялар асосида парваришлаш, етиштирилган маҳсулотни шу ернинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мутахассисларга зарур тавсиялар берди.
Қамаши туманида 5 минг бош курка боқишга мўлжалланган мажмуа ташкил этилади. Замонавий технологиялар ўрнатиладиган мажмуада йилига 20 минг бош курка жўжаси етиштирилиб, аҳолига етказиб берилади. Уни жорий йилнинг декабрь ойида ишга тушириш, 30 иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
Президентимиз мазкур лойиҳа ҳар бир хонадонга 100 тадан жўжа тарқатиш ва оилалар даромад манбаини яратишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Таллимаржон сув омборининг табиий ҳавзасида балиқ етиштириш лойиҳаси билан ҳам танишди.
Қашқадарё вилоятида балиқчилик ривожланиб бормоқда. Ўтган йили вилоятда 4,4 минг тонна балиқ етиштирилди. Жорий йилда 33 балиқчилик хўжалигига 10,2 миллиард сўм кредит ажратиш ҳамда балиқ етиштириш ҳажмини 5,2 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда.
Янги агрофирма вилоятдаги балиқчилик хўжаликларига ўз фаолиятини самарали ташкил этиши учун машина-механизм хизматлари, балиқ увилдириқлари, омухта ем етказиб беради. Етиштирилган балиқни сотиш ёки қайта ишлашни ташкил этишда ҳам кўмаклашиши кўзда тутилган.
Агрофирмада балиқ увилдириқлари етиштирилиб, сув омборига ўтказилади. Бу ерда балиқ чавоқлари етиштирувчи инкубацион цех, 600 тонналик музлаткич, балиқ маҳсулотларини қайта ишловчи корхона, 800 тонна махсус омухта ем ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилиши режалаштирилган. Йилига 500 тонна балиқ қайта ишловчи агрофирмада 90 иш ўрни ташкил этилади.
Қашқадарё вилоятида йил бўйи балиқ боқиш, кўпайтириш ва аҳолига етказиб бериш, экспортни йўлга қўйиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди. Бундай агрофирмалар ушбу соҳани янада ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, мамлакатимизнинг озиқ-овқат дастури ривожига муҳим ҳисса қўшиши қайд этилди.
Қамаши туманида қуён етиштириш, қуён гўшти ва терисини қайта ишлашга ихтисослашган хўжалик ташкил этилмоқда. “Қамаши момиқ қуёнлари” агрофирмаси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа самарасида 30 минг бош қуён етиштирилиб, йилига 120 тонна гўшт ва 40 минг дона жун тайёрланади.
Хўжаликда 30 киши ишлайди. Бундан ташқари, қуёнлар 500 хонадонга тарқатилади. Аҳоли парҳез гўшт ва қўшимча даромад билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари “Қарши насос станциялар каскадини қайта тиклаш - III фаза” лойиҳаси билан танишди. Ушбу лойиҳа вилоятда сув ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилиши таъкидланди.
Лойиҳа Қарши насос станциялар каскадининг 1-6-насос станцияларининг 9 насос агрегатини янгилаш, 850 метр қувурларни янгилаш, сув келтирувчи канални лойқадан самарали тозалаш ишларини амалга оширишни кўзда тутади. Бунинг учун жами 128,934 миллион доллар маблағ сарфланади. Шунингдек, НС-1 ва НС-2 оралиғидаги каналнинг 8 километр қисмини ва каналнинг чап қирғоқ дамбасини таъмирлаш режалаштирилган.
Лойиҳани бажариш натижасида 402 минг гектар суғориладиган майдоннинг сув таъминоти яхшиланади. Насос станцияларида ҳар йили 106,55 миллион кВт соат электр энергия тежалиб, қишлоқ хўжалигида даромадлар ошишига, пировардида ҳудудни янада тараққий эттиришга эришилади.
Давлатимиз раҳбари бу Қашқадарё қишлоқ хўжалигининг юраги эканини, уни тезроқ ва сифатли амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Манба: ЎзА