Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, энергетика, нефть-газ, божхона, транспорт ва транспорт коммуникациялари, темир йўл, авиаташув, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика соҳаларида фаолият кўрсатаётган вазирлик ва идоралари раҳбар ва вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Очилбой Раматов мамлакатларимиз ўртасидаги савдо, иқтисодиёт, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимиздан Қозоғистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва бошқа қатор маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. Ўзбекистонда қозоғистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган корхоналар савдо, хизмат кўрсатиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда иш юритмоқда.
Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Асқар Мамин иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича икки мамлакатда ҳам фойдаланилмаган имкониятлар кўп эканини таъкидлади.
– Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири, – деди Қозоғистон Республикаси Инвестиция ва ривожланиш вазирлигининг туризм департаменти директори Марат Игалиев. – Мамлакатларимиз ўртасида бошқа соҳалар қатори туризм алоқаларини ривожлантириш, айниқса, Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларига сайёҳлар оқимини кучайтиришдаги ўзаро ҳамкорликдан манфаатдормиз. Мазкур комиссия мажлиси икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама этиш учун қулай имконият бўлди.
Қозоғистон делегацияси аъзолари Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар самаралари, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган шароитлар, юртимизнинг экспорт салоҳияти, индустриал зоналардаги имкониятлар билан таништирилди. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш лозимлиги таъкидланди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, кенг кўламли савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилди.
– 2016 йили "Ўзагроэкспорт" акциядорлик жамияти қозоғистонлик ҳамкорлар билан Остона шаҳрида "Марказий Осиё савдо уйи"ни ташкил этди, – деди Савдо уйи бош директори Алишер Маҳмудов. – Савдо уйи улгуржи ва чакана савдо фаолиятида хизмат кўрсатиш, етказиб беришни ташкил қилиш, божхона хизматлари, истеъмол товарларини сотиш ва қайта ишлаш, маркетинг сиёсатини олиб бориш ва бошқа ўзаро манфаатли йўналишлар билан шуғулланади.
Мажлисда ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Божхона, нефть-газ, маданий-гуманитар, атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, Қозоғистонга электр энергияси, маиший, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини экспорт қилиш, биргаликда ўзаро фойдали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳукуматлараро комиссия мажлисида мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир ҳужжатлар имзоланди.
Қозоғистон делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг қатор саноат корхоналари фаолияти билан танишди.
Манба: ЎзА