Маълумки, мамлакатимизга озиқ-овқат маҳсулотларининг қонуний тарзда импорт қилиниши нафақат иқтисодий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга, балки, энг аввало аҳоли саломатлигини асрашга ва уларни сифати кафолатланган маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади. Гарчи бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда назорат йўлга қўйилган бўлса-да, аммо уни четлаб ўтишга уринаётганлар учраётгани сир эмас. Масалан, яқинда Тошкент шаҳар божхона ходимлари томонидан оғирлиги 1,8 тоннадан, қиймати эса 57,5 млн. сўмдан ортиқ бўлган сифатсиз ва муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан Республикамизга олиб киришга бўлган уринишларга чек қўйилди. Рақамларга мурожат қилсак, 2016 йил давомида республикамиз божхона ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 3400 дан ортиқ ҳолатда қиймати салкам 4 млрд. сўм озиқ-овқат маҳсулотларининг  ноқонуний ҳаракатига барҳам берилган. Мана, юқоридаги фикримизнинг исботи. Энди ўйлаб кўринг: агар бу каби сифатсиз, истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар хориждан келтирилиб эмас, балки ўзимизнинг ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмолчиларга тақдим этилаётган бўлсачи... Афсуски, бундай ҳолатни ҳам инкор этиб бўлмайди. “Ўзстандарт” агентлиги мутахассисларининг ушбу саҳифада тақдим этган маълумотлари ана шу ҳақда.

34 турдаги озиқ-овқатнинг 13 таси сифатсиз деб топилди

Ҳилола ТОШПЎЛАТОВА, “Ўзстандарт” агентлиги Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази мутахассиси:

Ўтган йилнинг охирги чорагида агентлик раҳбариятининг топшириғига биноан озиқ-овқатларнинг сифатини баҳолаш учун савдо расталаридан 34 хил кундалик ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиниб, синов лабораториясига келтирилди.  Келтирилган озиқ-овқат масҳулотларининг 13 хили меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқ деб топилди.
Айнан қандай маҳсулотлар сифат талабларига номувофиқ деб топилди?
Масалан, творог, қаймоқ, кефир, ош тузи, маргарин, колбаса маҳсулотлари... Творогни олиб қарайдиган бўлсак, лаборатория сифат текшируви ўтакзилганда бу маҳсулотдаги ёғнинг массавий улуши ёрлиғида кўрсатилган меъёрдан кам чиқди. Бу маҳсулотнинг ташқи кўриниши, яъни органолептик кўрсаткичлари ҳам меъёрга номувофиқ деб топилди. Масалан, ёғининг кўплигига қараб оқроқ, қаймоқрангга мосроқ бўлиши керак, текширувга олиб келинган бу турдаги маҳсулотларнинг ранги эса пуштироқ, ҳидли, мазаси нордонроқ бўлиб чиқди. Бундай ҳолатлар асосан маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнидаги техлогия талабларини бузилганида, растада сақланишида талабга риоя қилинмаганида кузатилади. Агар бундай маҳсулотлар текширилганда ёғ камлиги аниқланса, бу ишлаб чиқарувчининг айби ҳисобланади, истеъмолга яроқсизлигига, яъни органолептик кўрсаткичларнинг ўзгаришига эса ишлаб чиқаришдан тортиб растага етиб келинган ҳолатларда талабларнинг  ва савдога қўйилган муҳитлар бузилиши ҳам сабаб бўлади. 

Бундай номувофиқ деб топилган озиқ-овқат маҳсулотлари орасида кундалик истеъмол қиладиган ош тузимиз, маргарин, колбаса маҳсулотлари ҳам бор. Ҳаммага маълумки, юртимизда ишлаб чиқарилиб, истеъмолчига таклиф этилаётган ош тузлари йодланган ҳолда бўлиши керак. Аммо текширувдан ўтказилган ош тузларида бу меъёр бузилган, яъни йод миқдори кам чиқди. Ваҳоланки, аҳоли саломатлиги, унинг организмидаги йод танқислигига барҳам бериш учун ҳукумат томонидан тузларнинг йод билан ишлаб чиқарилиши давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Текширувдан ўтказилган олий навли колбасанинг таркибидаги крахмал миқдори меъёрий ҳужжатда кўрсатилганидан кўп чиқди. Кефирдаги ёғ миқдори ҳам ёрлиқдаги талабга мувофиқ чиқмади. Ёрлиқда агар ёғлилик кўрсаткичи 2 фоизли деб кўрсатилган бўлса, таркиб шунга мос бўлиши керак, аммо текширувда бунинг аксига гувоҳ бўлдик. Бундай ҳолатни истеъмолчини алдаш дея баҳолаш мумкин, чунки у кефирнинг ёғлилик миқдори 5 фоиз деб ёзилган ёрлиққа ишониб, қиммат пул тўлайди-да, арзон нархдаги 2 фоизлисини ёки ундан ҳам миқдордагисини харид қилади.   Бу текширув натижаларининг ачинарлиси шундаки, сифати талабга жавоб бермайдиган аксарият маҳсулотларнинг асосий истеъмолчилари болалардир. Масалан, йогурт, кефир, сут каби...

Қандай талаблар билан ишлаб чиқарилади?

Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари асосан Ўзбекистон давлат стандарти — O‘zDST ва ташкилот стандарти — TS талаблари билан ишлаб чиқарилади. Аммо ташкилот стандартлари ҳам давлат стандартларига мутаносиб бўлиши шарт. Бу стандартлар ёрлиқда кўрсатилган бўлади ва маҳсулот ана шу меъёрий ҳужжатга мос бўлиши лозим. Аммо ташкилот стандартида давлат стандартига ўзгартириш киритишга йўл қўйилмайди.

Нималарга эътибор бериш керак?

Биринчи тавсия озиқ-овқат маҳсулотларини аввало кўча-кўйда сотилаётганда эмас, рухсат этилган ва лицензияси бор савдо шохобчаларидан харид қилиш керак. Масалан, тез айнийдиган, жумладан колбаса маҳсулотларини харид қилаётганда савдодаги муҳит, яъни сақлаш шароити, музлаткичлар мавжудлиги, ҳароратнинг меъёрдалиги, расталарнинг тозалиги талабга жавоб бераётганини кузатиш керак. Агар маҳсулот органолептик, яъни ташқи кўриниши билан шубҳа уйғотса, мувофиқлик сертификати, санитар талаблар қайд этилган ҳужжатларни сотувчидан сўраш керак. Тановвул қилмасдан туриб сифати сизда шубҳа уйғотган маҳсулотнинг ёрлиқдаги қайдларини ҳам кўздан кечиринг. Унда савдога рухсат этувчи барча маълумотлар, яъни маҳсулотнинг тўлиқ номи, ишлаб чиқарувчи ва унинг манзили, ишлаб чиқарилган меъёрий ҳужжат талабларидан тортиб сақлаш учун қўйилган талаблар ҳам ёзилади. Маҳсулотни савдога қўйиш учун талаблар дўконда мавжудлигига аниқлик киритиш лозим. Таркибдаги номувофиқлик бўйича шубҳангиз ҳақиқатга яқин келса, энг аввало ёрлиқда кўрсатилган ишлаб чиқарувчи билан боғланинг ва изоҳ сўранг.

Талабларни бузганлик учун жавобгарлик қандай?

Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда талаблар бузилса, аввало ишлаб чиқарувчига нисбатан огоҳлантириш эълон қилинади. Огоҳлантиришдан сўнг такрорланган меъёрлар бузилиши учун маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланади. Учинчи бор номувофиқлик кузатилса, ишлаб чиқариш учун берилган мувофиқлик сертификати бекор қилинади. Бундан ташқари раҳбарият талаби билан масъулиятсизлик билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар агентлик сайтида тўлиқ манбалари билан эълон қилинади. Бундай чора-тадбирлар албатта истеъмолчилар томонидан ўша сифатсиз маҳсулотга нисбатан ишончсизлик уйғотиши ва харидни чеклашга асос бўлиши шубҳасиз, шу билан бирга ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам тартибли фаолият юритишини таъминлаш учун фойдали бўлиши сир эмас.

НОННИ СИФАТ НАЗОРАТИДАН ЎТКАЗАМИЗ

Биз Тошкент шаҳри синов ва сертификатлаштириш маркази Кимё биология лабораториясида кундалик истеъмол қилинадиган “буханка” нонининг бир донаси мисолида сифатини текширдик. Бунда бизга мутахассис Дурдона Турсунова ёрдам берди.

Хоҳ истеъмолчи бўлсин, хоҳ ишлаб чиқарувчи, биз маҳсулотни сифат текширувидан ўтказиш учун шартнома асосида қабул қиламиз. Маҳсулот органолептик ва физик кимёвий текширилади.
Хўш, нонимиз сифати талабга жавоб берармикан?
Ҳа, деб бўлмайди. Текширувга олиб келинган нон 2-сорт ундан тайёрланган бўлиб, қолипли, донали ҳисобланади. Намлиги меъёрдан юқори, ғоваклик даражаси ҳам талабга мувофиқ эмас.
Талаблари қандай бўлиши керак?
Намлик 45 фоиздан ошмаслик керак, бу маҳсулотники эса 48,5 фоиз чиқди. Ғоваклиги ҳам 65 фоиздан кам бўлмаслиги керак, бу маҳсулотники 66 фоиз чиқди. Бу жуда ёмон эмас-у, аммо тўла сифатли деб ҳам бўлмайди. Нон маҳсулоти таркибида ёт моддалар, минераллар бўлмаслиги керак. Ишлаб чиқарилганидан кейин 16 соатдан кўп сақланганда сифати бузилади.

Мана, кундалик истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларидан айримларининг сизу биз билмаган “сирлари”дан воқиф бўлдик. Хулосамиз шуки, ҳамма нарсадан меъёрнинг бузилиши таназзулга олиб келади. Инчунин, озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам. Аммо сизу биз ишлаб чиқарувчиларнинг талабларни бузишига тўсиқ бўла оламиз. Қандай қилиб дейсизми? Бор-йўғи истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқимизни ишга солсак кифоя. Агар сизда бирор маҳсулотда шубҳа туғилса, ёрлиққа қаранг ва ишлаб чиқарувчидан изоҳ талаб қилинг. Шу йўл билан уларнинг виждонан ишлашига ҳисса қўшсак, нур устига нур бўларди.