Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида қўйилган вазифалар ижроси доирасида Хоразм вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика кунининг илк тадбирлари ўтказилди.
Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан мамлакатимизда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан вилоятнинг барча туман ва шаҳар прокурорлари, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ўз ҳудудларида кенг жамоатчилик билан учрашувлар ўтказди. Учрашувларда ҳудудда содир бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, келгусида бундай иллатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар муҳокама этилди.
– Айни пайтда вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳар бир ходими Президентимизнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида соҳа вакиллари фаолиятига нисбатан билдирган танқидий фикрларидан тегишли хулоса чиқариб, амалий ишларни бошлаб юборди, – дейди вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Садоқат Рўзметова. – Эндиликда ҳудудлар прокурорлари ҳамда ички ишлар бўлимлари бошлиқлари тасдиқланган график асосида ҳар ҳафтада маҳаллий телеканал ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот беради.
Бу каби тадбирлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятида ошкораликни таъминлаб, уларнинг халқ билан янада яқин бўлиши, аҳолининг прокуратура ва ички ишлар органлари ходимларига бўлган ишончи ошишига, турли ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаб, олдини олишда ҳамда жамиятимизда қонунийликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Манба: ЎзА