Техник регламент: хавфсизлик ва сифат кафолати
Яқин-яқингача поябзалларга оёқларимизни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилувчи восита сифатида қарар эдик. Эндиликда харидорлар оёқ кийимлари чидамли ва мустаҳкамлигидан ташқари кўриниши бежирим, енгил ва хавфсиз бўлишини ҳам хоҳлайди.
Бу маҳсулот ишлаб чиқариш техникасини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, болалар саломатлигини таъминлаш ва поябзал тайёрлаш меъёрларини такомиллаштиришни талаб қилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5-январдаги “Чарм-поябзал маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида соҳага доир ягона талаблар белгиланди. У эълон қилинган кундан олти ой ўтганидан кейин амалга киритилади.
– Техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича халқаро норматив ҳужжатларга мос бу регламент тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратади, – дейди «Ўзстандарт» агентлиги бош мутахассиси Жамолиддин Мелибоев. – Янги техник регламентга кўра, ҳозирга қадар чарм поябзалларига қўлланилган самарасиз, бироқ мажбурий бўлган 24 стандартлаштириш ҳужжатлари ихтиёрий тизимга ўтказилди. Эндиликда поябзал, чарм, чарм- галантерея саноати маҳсулотларининг механик, биологик, кимёвий хавфсизлигига бўлган талаблар ягона ҳужжат билан ўрнатилади. Авваллари талаблар тарқоқ бўлиб, маҳсулот турлари учун алоҳида меъёрлар қўйиларди. Бу экспорт ёки импорт билан шуғулланиш истагидаги корхоналарга муайян қийинчилик туғдираётган эди. Эндиликда улар маҳсулотлари хавфсизлик талабларига жавоб берса, қолган йигирмадан ортиқ ҳужжатни тайёрлаш учун вақт ва маблағ сарфлаб, елиб-югуриш ташвишидан халос бўлди. Мазкур ҳужжатнинг бозорга таъсири беқиёс бўлиб, сифатсиз маҳсулотлар юртимиз ҳудудига киришининг олдини олиш, маҳсулотларни сертификатлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Регламент чарм маҳсулотлари қандай турдаги корхонада ишлаб чиқарилишидан қатъи назар, биринчи навбатда, инсон ҳаёти ва соғлиғини асраб-авайлашни назарда тутади. Мисол учун, поябзални устки қисми билан таг қисмини бириктириш мустаҳкамлиги, пошна мустаҳкамлиги, айниқса, аёллар поябзали зарбга бардошлилиги, эгилувчанлиги ва сув ўтказмаслик каби хавфсизлик талаблари кучайтирилгани бунинг ёрқин исботидир. Шунингдек, бўёқ мустаҳкамлиги, айниқса, болалар ва ўсмирлар учун тери соғлиғига салбий таъсир ўтказадиган омиллар, заҳарлилик индекси каби талаблар ўрнатилди ва тўлиқ синов ўтказиш усуллари белгиланди.
– Янги регламент мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларига халқаро бозорга чиқиш учун қулайлик яратади, –дейди «Ўзбекчармпоябзали» уюшмаси вакили Сардор Жовлиев. – Бунга қадар ҳам тизимда фаолият юритаётган корхоналарга қатор қулайликлар яратилган эди. Жумладан, 2020-йилнинг 1-январига қадар микрофирма ва кичик корхоналар мулк солиғи, йўл жамғармасига мажбурий тўловлар тўлашдан озод этилган, импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган хомашё материалларини олиб келганда божхона тўловлари бўйича қатор имтиёзга эга.
Чарм-поябзал маҳсулотларига ягона талабнинг қабул қилиниши ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва ривожлантириш, маҳсулотлар сифатини ҳамда рақобатбардошлигини янада ошириш имкониятини кенгайтиради. Ҳозирга қадар мамлакатимиз поябзал ишлаб чиқарувчилари Покистон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Россия каби йигирмадан ортиқ давлатнинг бозорини ўзлаштирган бўлса, келгусида экспорт географиясини янада кенгайтириш мўлжалланмоқда. Полша, Италия, Испания, Беларус каби давлатларга «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи қўйилган поябзал маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида маркетинг тадқиқотлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда терини қайта ишлаш, чарм-атторлик ҳамда поябзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан 770 га яқин корхона шуғулланмоқда. Соҳада имтиёзли сармоялар эвазига иш ўринлари яратилмоқда, янги корхоналар ташкил этилмоқда.
Регламент чарм-поябзал маҳсулотларининг ўрами ва маркировкаси қандай бўлиши кераклигини белгилайди, шунингдек, уни идентификатсиялаш, намуналарини танлаш ва синашни ҳам тартибга солади. Унга амал қилиш устидан давлат назоратини «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа махсус ваколатли давлат органлари амалга оширади.
“Ўзбекчармпоябзали” уюшмасидан олинган маълумотларга кўра, қарор ижросини таъминлаш мақсадида тизимдаги корхоналарда умумий техник регламентнинг мақсади, мазмуни ва уни қўллаш тартиби бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Соҳа вакиллари билан биргаликда техник регламентни амалда қўллаш масалалари бўйича семинарлар ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил этилмоқда.