Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 февраль куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Сурхондарё вилояти иқтисодий салоҳияти, табиий имкониятлари билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга. Мустақиллик йилларида ана шу салоҳият ва имкониятларни воҳа аҳли, бутун халқимиз манфаатлари йўлида ишлатиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Вилоят иқтисодиёти барқарор суръатлар билан ривожланмоқда. Бунинг тасдиғини 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8 фоиз ўсгани мисолида кўриш мумкин.
Тўпаланг гидроэлектростанцияси, Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш заводи, “Шарғун кўмир”, “Хўжаикон туз” акциядорлик жамиятлари, “Хонжизза” кон-бойитиш мажмуаси каби йирик корхоналар вилоят саноатида етакчи ўрин тутмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 75,3 фоизни ташкил этмоқда. Меҳнат билан банд аҳолининг 80 фоиздан зиёди мазкур соҳада иш юритмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифи давомида ўзининг сайловолди дастурида вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича белгиланган режалар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиши мўлжалланган.
Манба: ЎзА