“Ўзстандарт” агентлигининг 2015-2020 йилларда “Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларини ривожлантириш” стратегик режасига мувофиқ республиканинг Самарқанд ва Андижон синов ва сертификатлаштириш марказлари қошидаги сифат менежменти тизимларини сертификатлаштириш идораларини ҳалқаро аккредитациядан ўтказиш ҳаракат дастури белгиланган.
Халқаро даражада эътироф этилган Туркия давлатининг “TURK AK” аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтиши белгиланган ушбу идоралар ҳозирги кунда агентлик томонидан тасдиқланган режага асосан бошланғич аудит ўтказилмоқда.
Туркия экспертлари Андижонда ISO/IEC 17021-1:2015 “Менежмент тизимларининг аудити ва сертификатлаштиришни амалга оширадиган идораларига қўйиладиган талаблар” стандарти бўйича баҳолаш аудитини ўтказишмоқда, шунингдек, жорий йилнинг 9-10-феврал кунлари Самарқанд марказида баҳолаш аудити ўтказилади. Дастурга кўра, 2017 йилнинг 1-чорагида ушбу менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораларини халқаро аккредитациядан ўтказиш ишлари ўз ниҳоясига етказилади.
Ушбу стандарт бўйича идораларнинг ҳалқаро аккредитациядан ўтказишдан асосий мақсад, мувофиқликини баҳолаш жараёнларини ҳалқаро миқёсда тан олинишини таъминлаш, бу эса ўз навбатида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жаҳон бозорига чиқишига йўл очиш ва савдодаги техник тўсиқларни бартараф этишдан иборатдир.