Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросимлари ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Фарғона шаҳридаги “Марғилонсой” мажмуасида бўлиб ўтди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, бўлажак аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, ҳарбий хизматга ёшларимизнинг қизиқиш ва интилиши тобора ортиб, Ватан ҳимоячиси бўлиш юксак шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида миллий армиямиз қудратини юксалтириш борасида амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида ҳарбий хизматга чақирилаётган йигитларни тантанали кузатиш, захирага бўшатилган аскарларни кутиб олиш яхши анъанага айланди. Бу маросимларни юқори савияда уюшқоқлик билан ўтказиш учун вилоят мудофаа ишлари бошқармаларида йиғин, туман мудофаа ишлари бўлимларида чақирув пунктлари қурилиб, чақирилувчилар ва кузатувчилар учун барча қулайликлар яратилди.
Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросими катта шодиёнага айланди. Бўлажак аскарларнинг Ватанга муҳаббат, элу юртга садоқат туйғулари жўш уриб турган юз-кўзларидаги ғайрат-шижоати барчада катта ҳавас уйғотди.
– Ўзим ҳарбий бўлганим учун ҳам фарзандимнинг барча саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётганидан хурсандман, – дейди Тошлоқ туманида яшовчи Миродил Мирсолиев. – Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир. Албатта, буни таъминлашда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ўрни беқиёс. Бугун нияти эзгу, қадами шахдам йигитлар сафига ўғлим Миржаҳоннинг қўшилаётгани қалбимни ғурурга тўлдирмоқда.
– Ватан ҳимоясига отланаётганимдан фахрланаман, – дейди чақирилувчи Жасурбек Холмуродов. – Мамлакатимизда биз, ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик туфайли орзуларим рўёбга чиқмоқда. Спортнинг таэквондо тури билан шуғулланиб, мамлакат ва халқаро мусобақаларда ғолиб бўлдим. Биз Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини кўз қорачиғидек асраш учун масъул эканимизни теран англаймиз.
Маросимда бўлажак аскарларга эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар янгради.
Манба: ЎзА