Нукусда табиатни муҳофаза қилиш, кам учрайдиган ноёб жониворлар турини асрашда қонун устуворлигини таъминлаш масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Сайғоқни сақлаш бўйича Альянс хайрия ташкилоти, Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, журналистлар иштирок этди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси М.Аметов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти илмий ходими Е.Бикова ва бошқалар мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш, экологик салбий таъсирларни камайтириш ва бартараф этишда давлат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экологик қонунчилик талабларини ҳаётга татбиқ этишда жамоат назоратини қатъий ўрнатиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Ер шарининг беш ҳудуди, жумладан, Устюрт текислигида яшовчи ўта ноёб жонивор – сайғоқлар йўқолиб кетишининг олдини олиш, уларни қўриқлаш ва кўпайтириш долзарб вазифадир. Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган бу жониворлар чўл шароитига ниҳоятда мослашган бўлиб, ҳудуд экотизимини сақлаш, чўлларнинг асл табиий мувозанатини барқарорлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. 

Маълумотларга кўра, кейинги ўн йил мобайнида сайғоқлар 95 фоизга камайиб кетган. Тадбирда сайғоқларни, кам учрайдиган ҳайвон ва ўсимлик турларини муҳофаза қилишни кучайтириш, уларнинг кўпайиши учун қулай шароит яратиш, мамлакатимиз чегараларидан олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Инсонларнинг табиатга муносабатини тубдан ўзгартириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Манба: ЎзА