Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида давлат органларида юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш вазифаси қўйилди. 

Фармон ижроси доирасида жорий йил 19 январь куни давлатимиз раҳбари имзолаган “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бу борада муҳим қадам бўлди. 

ЎзА мухбири мазкур қарор мазмун-моҳияти ва ижроси билан боғлиқ масалалар хусусида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Музраф Икромов билан суҳбатлашди. 

– Музраф Муборакхўжаевич, айтингчи, юридик хизматни такомиллаштиришга қандай зарурат туғилди? Қарор билан соҳада қандай амалий чоралар рўёбга чиқарилади? 

– Юридик хизмат, юрисконсульт деганда кўпчиликнинг кўз ўнгига шунчаки расмиятчилик учун ишлаётган ҳуқуқшунос келади. Аслида бу лавозимдаги шахс чуқур билимли, дунёқараши кенг, замон билан ҳамнафас, қонун устуворлигини таъминлашга масъул мутахассис бўлиши лозим. 

Дарҳақиқат, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлини танлаган мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бош тамойил ҳисобланади. Ушбу мақсад йўлида кейинги йилларда юртимизда туб ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида олдимизга аниқ вазифаларни қўймоқда. Юридик хизмат ана шу мақсадни рўёбга чиқаришда муҳим бўғин бўлгани учун ҳам бу соҳани такомиллаштиришга эҳтиёж туғилди. 

Гарчи юридик хизматлар давлат органлари ва ташкилотларнинг норма ижодкорлиги, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини амалга ошириб келган бўлса-да, қонунбузилишининг олдини олиш ҳамда ўз вақтида чоралар кўриш борасидаги фаолияти талаб даражасида эмас эди. Бунга уларнинг етарли ва таъсирчан ваколатларга эга эмасликлари сабаб бўлаётганди. Сир эмас, баъзи раҳбарлар юристсиз иш юритишни маъқул кўрган ёки юристни ўз йўриғига солишга уриниб келган. 

Айрим вазирлик ва идораларда кўплаб ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳужжатлар қабул қилиниб, минглаб ходимлар ишласа-да, бир ёки икки нафар юрист лавозими жорий этилган, холос. Ҳатто, улардан айримларининг ҳудудий бўлимларида умуман бу хизматлар мавжуд эмас. 

Соҳани ислоҳ қилишга бўлган эътибор давлатимиз раҳбарининг юридик хизмат соҳасига, қолаверса юристларга бўлган ишончи ва эътиборининг қай даражада юқорилигини кўрсатди. Қарор юридик хизматни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ҳужжат бўлди, десак муболаға бўлмайди. 

Мазкур қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда юридик хизматнинг мавқеини ошириш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан бир қаторда қонунийликни таъминлаш бўйича вазифалари доираси ҳам кенгайтирилди, масъулият ва жавобгарлиги кучайтирилди. Соҳада узоқ вақтдан буён ўз ечимини кутаётган масалалар тўлиқ ҳал этилди. 

Қарор билан эндиликда шундай тартиб ўрнатилдики, унга кўра давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади. Мазкур хизматнинг штат бирликлари қисқартирилишига асло йўл қўйилмайди. 

Яна бир масала, бу соҳада кадрларнинг қўнимсизлиги етук юридик хизмат ходимини тайёрлашга монелик қилар эди. Соҳада ишлаётган ходимларнинг ҳимояланмаганлиги, етарли истиқболлар белгиланмаганлиги уларнинг бошқа соҳаларга ўтиб кетишига сабаб бўларди. Айниқса, юридик хизмат ходимларини ташкилот раҳбарининг мустақил ўзи ишга қабул қилиши ёки ишдан бўшатиши тартиби уларнинг қонунийликни таъминлаш борасидаги фаолияти қайсидир маънода чекланишига олиб келаётганди. 

Эндиликда қарор билан белгиланган тартибга кўра бундай ҳолатларга тубдан барҳам берилди. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимга мажбурий тартибда Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланадиган ва озод қилинадиган бўлди. Бундан ташқари, адлия органларига юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талабларини бузган давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарларига нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилди. 

Жорий этилган бундай янги тартиб юридик хизмат ходимларининг ўз функционал вазифаларини қонун доирасида юритишига мустаҳкам замин яратади. Адлия органларига уларнинг кафолатини таъминлаш имконини беради. 

Соҳага ёш кадрларни жалб этишга қаратилган ҳамда ушбу соҳа жозибадорлигини оширадиган яна бир муҳим қоида белгиланди. Унга кўра, юридик хизмат ходимларига ҳам адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражалари берилади, кўп йиллик хизматлари учун устамаларни тўлаш тартиби татбиқ этилади. Энг асосийси, ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда ҳам юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат стажи мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобга олинади. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик стажига эга бўлган ходимлари адвокат мақомига эга бўлиш учун тегишли стажировкани ўтамасдан лицензия олиш учун талабгор шахс сифатида малака имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. 

Юқоридагиларнинг барчаси эндиликда малакали мутахассисларнинг мазкур соҳага қизиқишини ошириши шубҳасиз. Ўз навбатида, соҳага малакали кадрларни танлаб олиш имконияти вужудга келди. Бу соҳа фаолиятининг сифат даражаси ошишига хизмат қилади. 

– Қарор билан юридик хизматларнинг вазифалар доираси кенгайтирилди. Уларга қандай вазифалар юклатилмоқда? 

– Давлатимиз раҳбари “муаммонинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олиш чораларини кўриш муҳимлиги” ҳақида доимий равишда таъкидлаб келади. Ушбу фикрлар қарорда ўз ифодасини тўлиқ топди. Жумладан, юридик хизматларга ўзининг ташкилоти иштирокида вужудга келадиган низоларни судгача ҳал этиш юзасидан мажбурий тартибда чораларни кўриш вазифаси юклатилди. Худди шундай буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизани амалга ошириш учун мажбурий тартибда юридик хизматга тақдим этилишининг белгиланиши ҳам айнан қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тартибдир. 

Бундан ташқари, давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган қарорлари юзасидан мажбурий тартибда юридик хизматнинг хулосаси олиниши ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Ушбу норма давлат органларида қабул қилинадиган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериш, уларни ижрога қаратишдан олдин “фильтр”дан ўтказиш масалаларини кўзда тутади. 

Қарор билан юридик хизматга яна бир муҳим вазифа юклатилди. Маълумки, 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилди. 

Шулардан келиб чиққан ҳолда қарорда давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан берилган шикоятлар мажбурий тартибда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари томонидан ҳам кўриб чиқилиши тартиби белгиланди. 

Юридик хизмат қонун ҳужжатлари билан ўзига юкланган функцияларни зарур даражада ва самарали бажариши шарт. Давлат органи ва ташкилотида, шунингдек, унинг тизимига кирадиган тузилмаларда қонунбузилиши ҳолатлари аниқлангани тўғрисида зудлик билан тўғридан-тўғри юқори турувчи органга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши зарур. 

Юридик хизматга қўйилаётган бундай масъулиятли вазифаларнинг тўлақонли бажарилиши қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилади. 

– Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилади? 

– Адлия вазирлиги юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш, ходимларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди. Шу мақсадда вазирлик тизимида Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида тегишли шўъбалар ташкил этилмоқда. Ҳозир ушбу бошқармани давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари билан ишлаш тажрибасига эга ҳамда ўзларига юклатилган вазифалар ижросини юқори даражада таъминлай оладиган малакали кадрлар билан тўлдириш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда. 

Вазирлик томонидан ушбу қарор мазмун-моҳиятини давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ва юридик хизмат ходимларига етказиш мақсадида зарур тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Яқинда пойтахтимизда “Давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Бундай тадбирлар мамлакатимизнинг барча вилоятларида ташкил этилади. 

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор асосида юридик хизматларнинг тубдан такомиллашаётгани уларнинг самарали фаолият юритишига, мамлакатимизда қонун устуворлиги изчил таъминланишига хизмат қилади.

Манба: ЎзА