Туризм ва кичик бизнес

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши томонидан “Туризмни ривожлантириш истиқболлари: кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни” мавзусида амалий семинар ўтказилди. 

Вилоятдаги туризм соҳаси вакиллари, сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар раҳбарлари, тадбиркор ва ҳунармандлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, бу борада мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ишларни янги босқичда давом эттириш ва кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Туризм ва туристик инфратузилмани ривожлантиришни янада қўллаб-қуввватлаш, миллий туристик хизматларни халқаро сайёҳлик бозорига фаол киритишга, туризм соҳаси билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний ва юридик шахсларга қулай имкониятлар яратиб берди. 

– Президентимизнинг мазкур фармони билан сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналарга, соҳа субъектларига қатор имтиёз ва енгилликлар берилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Сувонов. – Энг муҳими, юртимизга келадиган сайёҳлар учун виза тизими билан боғлиқ кўплаб қулайликлар яратилди. 2017 йилнинг 1 апрелидан Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларининг халқаро аэропортларида хорижий туристлар учун “яшил йўлак” божхона назорат тизими, паспорт ва божхона назоратидан ўтиш, багажни олишнинг соддалаштирилган тартиб-таомили жорий этиладиган бўлди. 

Тадбирда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим тармоғини янада ривожлантириш ва бу орқали янги иш ўринлари яратишни аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим манбаи сифатида қараши алоҳида қайд этилди. Шу мақсадда туризм соҳасида фаолият олиб бораётган электорат вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёз ва преференциялар бериш, соҳага инвестициялар оқимини кенг жалб этиш бўйича аниқ-чора тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Семинар иштирокчилари экологик, соғломлаштириш, агро, болалар ва ички туризмни ривожлантириш, соҳада фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш, гидлар малакасини ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашди.