Автотранспорт соҳасини ривожлантириш йўлида

Навоийда Президентимизнинг жорий йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижросига бағишланган семинар ўтказилди. 

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда автомобиль транспорти соҳасида кўрсатилаётган хизматларни янада ривожлантириш ва уларнинг сифатини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги ва “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонунлари бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ йўловчилар ҳаёти, саломатлиги, мол-мулки, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган барқарор механизм яратилди. 

– Аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари вакилларига соҳада яратилаётган қулайликлар солиқ идоралари ходимлари томонидан атрофлича тушунтирилди, – дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Навоий ҳудудий бўлими бошлиғи В.Адизов. – Бундай тадбирлар хизмат кўрсатувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан бирга, тизимда хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. 

Навоий вилоятида 94 корхона йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмоқда. Лизинг компаниялари, банк кредитлари ва ташувчиларнинг сармоялари ҳисобидан янги автобус ва микроавтобуслар сотиб олинаётир. 

Президентимизнинг юқорида зикр этилган қарорига мувофиқ, 2017-2021 йилларда Навоий вилоятида 8 шаҳар ичида, 12 шаҳар атрофида ва 29 шаҳарлараро қатновчи янги йўналишлар ташкил этилади. Шу давр мобайнида аҳолига намунали хизмат кўрсатиш мақсадида 83 янги автобус, 415 ихчам ва қулай микроавтобус харид қилиш режалаштирилган. Йўловчиларга замонавий шароит яратиш учун 4 автовокзал ва станция барпо этиш ҳамда реконструкция қилиш кўзда тутилган. 

Навоий шаҳридаги “Пресстиж Миллениум” масъулияти чекланган жамияти ҳам аҳолига намунали транспорт хизмати кўрсатиб келмоқда. 

– Айни пайтда 47 автобусимиз шаҳар аҳолиси хизматида, – дейди корхона иш бошқарувчиси Ўктам Ҳайитов. – Янги йўналишлар учун яна 20 дона “Isuzu” русумли автобус харид қилишни режалаштирганмиз. Семинарда биз, тадбиркорлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар тўғрисида яна кўп маълумот олдик. Айниқса, автобус ва микроавтобусларни “онлайн” тарзда назорат қилиш мақсадида GPS навигаторлари ўрнатилиши хизмат сифатини янада яхшилашга хизмат қилади. 

Манба: ЎзА