Юқори сифат, замонавийлик ва қулай нарх – корхона шиори
2016-йил сентябр ойида Москвада ўтказилган “Тўқимачилик ва енгил саноат – 2016” тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари, техника ва технологиялари халқаро ярмаркасида "Седат Трико Ташкент" масъулияти чекланган жамиятининг "Маде ин Узбекистан" бренди остидаги маҳсулотлари юксак баҳоланди. Корхонанинг рақобатбардош, юксак дид ва замонавий дизайн билан ажралиб турувчи тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари хорижлик ҳамкорларга манзур бўлди. Корхона ярмарканинг махсус сертификатига муносиб топилди.
Мамлакатимизда тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш, пахта толасини қайта ишлашни кенгайтириш ва юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пахта толасини қайта ишлаш билан бир қаторда тайёр трикотаж ва тикувчилик буюмлари, матолар, гилам тўқиш, пайпоқ ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми кенгаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016-йил 21-декабрдаги "2017-2019-йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.
"Седат Трико Ташкент" Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган ип-калава, мато, турфа хилдаги тикувчилик-трикотаж товарлари, махсус кийимлар, поябзаллар учун аксессуарлар, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ички бозорга етказиб берилиши билан бир қаторда экспорт қилинмоқда. 2016-йилда экспорт ҳажми 2015-йилга нисбатан 70 фоизга ошди, 95 нафар янги иш ўрни яратилди.
– Фаолиятимизнинг дастлабки йилларида кийим-кечак ва поябзаллар учун аксессуарлар ишлаб чиқариш билан шуғулланар эдик, – дейди корхона бош муҳандиси Ҳакан Оздемир. – Бугунги кунда маҳсулотларимиз турини кўпайтириб, уларни экспорт қилишга эришдик. Корхонамизга Италияда ишлаб чиқарилган замонавий тўқув дастгоҳлари ўрнатилди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Зеро, юртингизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича барча шарт-шароитлар яратилган.
2017-2018-йилларда корхона маҳсулотларини Европа бозорларига чиқариш режалаштирилган.
2016-йил корхонада янги инвестициявий лойиҳа амалга оширилди. Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида импорт ўрнини босувчи ва юқори сифатли акрил ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган фабрика ишга туширилди. Ҳозир бу ерда 150 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Жорий йилда "Седат Трико Ташкент" корхонаси ва унинг Зарафшон шаҳридаги филиалида янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бу эса экспорт ҳажмини ошириш, 50 нафар янги иш ўрнини яратиш имконини беради.
"Седат Трико Ташкент" корхонаси халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида фаол иштирок этиб келмоқда. Бу эса ички бозорни харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида уларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширишга ёрдам бермоқда. Корхонанинг «Томмй Wалкер» бренди остида ишлаб чиқарилаётган ўсмирлар ва ёшларга мўлжалланган тўқимачилик маҳсулотлари сифат ва ҳамёнбоплиги билан хорижлик ҳамкорларга манзур бўлаяпти. «Сейлан» бренди остида эса чақалоқлар учун маҳсулотлар ассортименти етказилиб берилмоқда.