Халқ қабулхоналари муаммоларга ечим топмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил эътилмоқда.
Ҳаёт олдимизга қўяётган кўпдан-кўп муаммоларни вақтида ечиш ҳақида муттасил қайғуриш, бу йўлда фидойи бўлиб, ҳаловатдан воз кечиб, одамлар дарди билан яшашни даврнинг ўзи ҳар биримиздан талаб этмоқда. Бунда одамлар билан доимий мулоқот қилиш, кундалик ташвишлари битилган мурожаат ва шикоятларни кечиктирмай кўриб чиқиш, бу борада турли расмиятчилик, бюрократия ҳамда сансалорлик ҳолатларига барҳам бериш жуда муҳимдир. Давлатимиз раҳбарининг фармони асосида ҳудудларда ҳам Халқ қабулхоналари ташкил этилгани давлат ва халқ ўртасида муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда.
– Халқ қабулхоналари мурожаатлар билан ишлашни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтармоқда, – дейди Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири вазифасини бажарувчи А.Мирзаев. – Зотан, ислоҳотларни баҳолаш мезони ҳисобланган мурожаатлар ортида инсон манфаати, тақдири туради. Уларнинг тўлиқ, холисона, ўз вақтида кўриб чиқилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Халқ қабулхоналарида туман, шаҳар ҳокимлари, прокурорларнинг шахсий қабуллари ҳам ўтказилмоқда.
Фурқат туманидаги Халқ қабулхонасида вилоят прокурори Музаффар Абдураҳмонов сайёр қабул ўтказди. Учрашувда 25 дан зиёд турли мурожаат тушди ва уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди, айримларига зудлик билан ечим топиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Мурожаатлар асосан ободонлаштириш, бандлик, уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига оид бўлиб, дахлдор соҳа вакиллари зиммасига вазифалар юклатилди.
– Учрашувда уй-жой масаласидаги истагимни билдирдим. Мурожаатим бўйича ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб топдим. Тегишли йўналиш ва кўрсатмалар берилди, – дейди фуқаро Элмирахон Маматқулова.
Қабулга келадиганлар учун Халқ қабулхонасида барча шароит яратилган. Хусусан, қабулхонада тиббиёт, она ва бола хоналари ишлаб турибди, кутиш залидаги қулайликдан келувчилар мамнун. Бу каби мулоқотларда тадбиркор ва фермерлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар турли соҳалар бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини билдириб, саволларига жавоб олмоқда. Кўтарилган муаммо ва камчиликларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ечим топаётгани аҳолининг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Манба: ЎзА