Қўштепа туманида “Ягона дарча” маркази кўмаги билан 18 тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланди

Фарғона вилояти туман ва шаҳарларида ташкил этилган “Ягона дарча” марказлари тадбиркорларга самарали хизмат кўрсатиб келмоқда. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган, интернет тармоғига уланган мазкур марказлар тадбиркорларга иш бошлашидан тортиб, фаолияти давомида зарур бўладиган барча хизматларни бир жойда кўрсатиши катта қулайлик яратди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида “Ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш вазифаси белгиланган. 

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида ушбу соҳанинг иқтисодиётимиздаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда. 

Фарғона вилоятида ўтган йили 2 минг 549 кичик бизнес субъекти ташкил этилди ва улар сони 18 минг 783 тага етди. Кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, зарур бино ва ер майдонлари билан таъминлаш, кредитлар ажратиш ҳисобидан 211 хусусий сектор фаолияти тикланди. Молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 триллион 68 миллион сўм миқдорида тижорат банклари кредити ажратилди. Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 63,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 48 фоизга, аҳоли бандлигидаги улуши 80 фоизга етди. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда “Ягона дарча” марказларининг хизмати катта бўлмоқда. Мазкур марказлар хизмати ҳақидаги “Ҳам вақтдан, ҳам нақддан ютасиз” деган фикр ўз тасдиғини топмоқда. Аҳоли учун қулай жойларда ташкил этилган бундай марказлар тадбиркорларга кўмакдош бўлаётир. 

Қўштепа туманидаги марказ ташриф буюрувчилар билан гавжум. Ишда тартиб, мижозларга эътибор, хизмат кўрсатишдаги жонкуярлик сезилиб турибди. Давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ҳуқуқшунослик, иқтисод, солиқ ва молия соҳаларида етарли малакага эга бўлган, ахборот-коммуникация технологияларини пухта ўзлаштирган кадрлар билан таъминлангани иш самарадорлигини оширмоқда. 

– Кўрсатилаётган хизматлардан тадбиркорлар мамнун, – дейди туман ҳокимлиги ҳузуридаги давлат хизматлари кўрсатиш “Ягона дарча” маркази директори Акмал Абдукаримов. – Ўтган йили 115 тадбиркорлик субъектидан мурожаатлар келиб тушди, 887 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маслаҳат берилмоқда. 

Айни пайтда марказ ходимлари тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тизимига тайёр ҳолда улаш, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, объектни қайта ихтисослаштириш ҳамда реконструкция қилиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, ташқи рекламаларни жойлаштириш, турар жойларни нотураржой тоифасига ўтказишга рухсат бериш каби хизматларни ўз муддатида бажармоқда. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида 18 тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланди. 

– Ишбилармонларимиз илгари янги қурилиш қилмоқчи ёки шу билан боғлиқ юридик субъект очмоқчи бўлса, турли идораларга боришга мажбур эди, – дейди тадбиркор Отабек Тошқулов. – “Ягона дарча” марказлари иш бошлаганидан буён бу масалаларга қисқа муддатда ечим топилмоқда. 

Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари соҳага замонавий технологияларни жорий этиб, харидоргир, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Туманда ҳам кейинги йилларда мазкур соҳа жадал ривожланиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда, аҳоли фаровонлиги ошмоқда. “Исмоилжон гиламлари”, “Водий мукаммал”, “Мўъжиза қўллар тўқув гилам“ каби корхоналарда янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратилаётган кенг имкониятлар самарасида хусусий сектор мамлакатни тараққиёт сари етаклаётган кучга, ижтимоий-иқтисодий барқарорликнинг кафолати ва таянчига айланмоқда. "Ягона дарча" марказларининг ташкил этилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир. Зеро, бундан кўзланган асосий мақсад соҳада учрайдиган сунъий тўсиқларни бартараф қилиш, тадбиркорларга иш бошлашидан тортиб фаолияти давомида зарур бўладиган хизматларни бир жойда кўрсатиш, уларга янада қулайлик яратишдан иборат. 

Манба: ЎзА