Тошкентда 28 январь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, авиакомпания масъул ходимлари ва фахрийлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси жамоасига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ўқиб эшиттирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.
Давлатимиз раҳбари фармонига биноан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг бир гуруҳ ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Тадбирда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1992 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармонига кўра Миллий авиакомпания ташкил этилди. Бу мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизни ривожлантириш йўлида қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.
Компания зиммасига мамлакатимиз учун стратегик соҳа ҳисобланган фуқаро авиациясини барқарор ривожлантириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ва йўловчиларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш вазифаси юкланди. Давлатимиз томонидан Миллий авиакомпания фаолиятини изчил такомиллаштириб боришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” қисқа фурсатда жаҳон авиабозорида ўзининг муносиб ўрнини топди. Хавфсизлик, қулайлик ва юқори сифатли хизмат кўрсатиш компаниянинг ўзига хос ташриф қоғозига айланди.
Мамлакатни дунёга танитадиган ва халқаро алоқаларни изчил таъминлайдиган воситалар орасида фуқаро авиацияси алоҳида ўрин тутади. Ҳаво кемалари мамлакатлар ва халқларни боғлайди, иқтисодиёт ривожланишида, ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгайиши ва мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади. "Ўзбекистон" ёзуви туширилган ва давлатимиз байроғи акс этган замонавий ва қулай авиалайнерлар бугун дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатига парвоз қилмоқда. Аляскадан то Янги Зеландиягача чартер қатновлари амалга оширилаётир. 2016 йилда авиакомпаниямиз самолётлари 2 миллион 500 минг йўловчига хизмат кўрсатди ва 43 минг тонна юк ташиди.
Ўтган йилларда Миллий авиакомпания авиапарки жаҳонга машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган замонавий самолётлар билан тубдан янгиланди. Натижада Миллий авиакомпаниямиз жаҳон авиаташувлар бозорида мустаҳкам ўрин эгаллади, парвозлар ва йўловчилар хавфсизлигини талаб даражасида таъминлашга эришди.
Авиакомпаниянинг қандай ҳаво кемаларидан фойдаланаётганига қараб, давлатнинг иқтисодий салоҳияти ва ҳамкорлик имкониятларига баҳо бериш мумкин. Халқаро туризм ривожида замонавий, хавфсиз, ишончли ҳаво йўлларининг ўрни беқиёс. Шу боис Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Миллий авиакомпаниямиз парки босқичма-босқич модернизация қилинди, энг сўнгги русумдаги ҳаво кемалари билан тўлдирилди. Учувчиларимиз А320, Boeing-757/767, Ил-114-100 каби ҳаво кемаларини маҳорат билан ўзлаштириб, янги авлод самолётлари – Dreamlinerларни ҳам бошқармоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида мамлакатимиз авиапаркига дунёдаги саноқли давлатлар авиаташувчилари қаторида биринчилардан бўлиб, энг замонавий иккита Boeing-787-8 Dreamlinerи олиб келингани юртимизнинг халқаро авиаташувлар тизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Аэропортларни тубдан қайта қуриш ва ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимини ислоҳ этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизнинг 11 аэропорти замон талабларига мувофиқ мукаммал таъмирдан чиқарилди, модернизация қилинди, халқаро мақомга эга бўлди. Натижада юртимизга келувчи сайёҳлар оқими ошди, уларга хизмат кўрсатиш даражаси янада юксалди. “Тошкент”, “Самарқанд”, “Бухоро”, “Урганч” сингари халқаро аэропортларимиз бир неча халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритиб келаётгани бунинг ёрқин далилидир.
“Навоий” аэропорти негизида ташкил этилган Халқаро интермодал логистика маркази минтақанинг юқори технологик ва улкан авиаюк ташиш салоҳиятига эга мажмуаларидан биридир. Бугун ушбу марказ мамлакатимизни Франкфурт, Милан, Брюссель, Вена, Сарагоса, Осло, Базель, Дубай, Деҳли, Теҳрон, Шанхай сингари кўплаб йирик логистика марказлари билан боғламоқда.
2016 йилда мамлакатимиз фуқаро авиациясини янада ривожлантириш йўлида навбатдаги муҳим қадам ташланди – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” билан “Boeing” корпорацияси ҳамкорлигида самолётларнинг композит материалларини таъмирлаш маркази иш бошлади. Бугунги кунда жаҳон авиасаноатида композит материаллардан кенг фойдаланилаётир. Чунончи, “Орзу лайнери” (Boeing-787-8 Dreamliner) фюзелажининг эллик фоизи шундай материаллардан таркиб топгани ҳисобидан оғирлиги сезиларли даражада камайтирилган. Янги марказ миллий ва хорижий авиаташувчилар самолётларига юқори сифатли техник хизмат кўрсатиш бўйича кенг имкониятларга эга.
Айни пайтда Жанубий кореялик ҳамкорлар билан соатига 1,5 минг йўловчига хизмат кўрсатишга ихтисослашган Марказий Осиёдаги энг замонавий “Тошкент-4” йўловчилар терминалини қуриш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур иншоот 2019 йил охирида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон ҳаво флоти ходимларининг фидокорона меҳнати давлатимиз томонидан юксак қадрланмоқда. Миллий авиакомпаниямизнинг ўнлаб ходимлари фахрий унвонлар, турли орден ва медаллар билан тақдирланган. Миллий авиакомпания “Boeing” учувчилар отрядининг учувчи-йўриқчиси Зархўжа Саидазимов 2007 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони олий унвонига сазовор бўлган.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси Бош директори В.Тян, учувчи-йўриқчи Д.Муҳаммаджонов, иккинчи учувчилар отряди командири Д.Маърупов ва бошқалар Миллий авиакомпания ривожига алоҳида эътибор қаратаётгани ва доимий қўллаб-қувватлаётгани, компания жамоаси меҳнатини юксак қадрлаётгани учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди.
Тантанали маросим концерт дастури билан якунланди.
Манба: ЎзА