Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида улуғ Юртбошимиз таваллуд санаси муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов, парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, депутатлар О.Жамолиддинова, Қ.Жўраев, А.Қирғизбоев ва бошқалар халқимиз ўтган 25 йил мобайнида эришган улкан ютуқ ва марраларни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан узвий боғлашини таъкидлади. 

Шу маънода давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарори халқимиз кўнглидаги ниятнинг ёрқин ифодаси бўлди. 

Мустақиллигимиз меъмори ишлаб чиққан тараққиётнинг "ўзбек модели" – қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни мафкурадан холи этиш, давлатнинг ислоҳотлар ташаббускори бўлиши, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил олиб бориш тамойилларига таянилгани ютуқларимизнинг асосий омили бўлди. 

Биринчи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида суд-ҳуқуқ тизими, миллий сайлов тизими, давлат бошқаруви, ахборот, фуқаролик жамияти институтлари каби жабҳаларга тааллуқли қатор қонунлар қабул қилинди. 

Ислом Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, қатъияти ва матонати, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди, ёрқин буюк шахс ва давлат арбоби сифатида нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам юксак ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлди. 

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ишига муносиб ҳисса қўшиш, Юртбошимизнинг Ватанимиз тараққиётидаги беқиёс хизматлари, тарихимиздаги ўчмас ўрни ва аҳамиятини чуқур ўрганиш, уни кенг жамоатчиликка етказиш борасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Манба: ЎзА