Мустақиллигимиз меъмори, тараққиётимиз асосчиси

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида буюк давлат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуд топган кун – 30 январь санасига бағишланган турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. 

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 125-умумтаълим мактаби ва Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежида ўтказилган тадбирларда Буюк Йўлбошчимизнинг Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг осуда, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги бебаҳо хизматлари алоҳида қайд этилди. 

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимини замонавий мезонлар асосида юксалтириш йўлида бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинган. Мамлакатимизда дунё стандартларига жавоб берадиган янги олий таълим муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва мактаблар очилди. Ёшлар истеъдодини юзага чиқариш ва рағбатлантиришнинг ўзига хос миллий тизими шакллантирилди. Ёшлар ўртасида мунтазам равишда фан олимпиадалари, турли танлов ва мусобақалар ўтказиш йўлга қўйилди. 

Термиз давлат университетида ўтказилган ана шундай кечада талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда тарихан қисқа даврда мамлакатимизнинг дунёда муносиб ўрин эгаллаб, ҳар тарафлама ривожлангани, аҳолининг турмуш даражаси тубдан яхшиланиб, ёшларнинг жаҳон миқёсида илм-фан, спорт, санъат ва бошқа соҳаларда оламшумул ютуқларни қўлга киритаётгани Биринчи Президентимизнинг узоқни кўзлаб юритган оқилона сиёсати самараси экани таъкидланди. 

Сурхондарёликлар воҳанинг чорак асрда иқтисодий барқарор ҳудудга айланиб, одамларнинг турмуш даражаси муттасил юксалиб боришида Ислом Каримов хизматлари беқиёс бўлганини ҳеч қачон унутмайди. Ўтган йилларда амалга оширилган туб таркибий ўзгариш ва янгиланишлар вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 50 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди. Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли барпо этилиб, халқимизнинг азалий орзулари руёбга чиқди. 

Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаган замонавий уй-жойлар қишлоқ аҳолиси учун муносиб турмуш шароити яратишда муҳим аҳамият касб этди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида бунёд этилган замонавий таълим муассасалари, спорт иншоотлари ёш авлоднинг бахту камолига хизмат қилаётир. 

Яратилган бу каби қулайликлардан унумли фойдаланаётган талаба-ёшлар илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда. 

Тадбирда “Ким эдигу ким бўлдик?”, “Давр бизники, марра бизники!” номли видеороликлар намойиш этилди. 

Биринчи Президентимизнинг таваллуди санасига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ўтказилмоқда. 

Манба: ЎзА