Республикамизда сотилаётган айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати номувофиқ эканлиги маълум бўлди
Республикамизда Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинганлиги, шубҳасиз миллатимиз саломатлигини асраб-авайлашга, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш маданиятини шакиллантиришга ва энг муҳими соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур қонунда белгиланганидек, Республикамизда озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар қатори Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳам бор.
Ўтган давр ичида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан бу йўналишда бир қатор ишлар бажарилди. Биргина ўтган 2016 йилда агентлик Бош директорининг топшириғига асосан, Республикамизнинг 14 та ҳудудларида 49 та ҳар хил турдаги маҳсулотлардан намуналар танлаб олиниб, синов ишлари амалга оширилди.
Минг афсуски, ўтказилан синов натижаларига кўра 20 та маҳсулот амалдаги меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқ деб топилди. Масалан; Голландия пишлоғи маҳсулоти “Ўзстандарт” агентлиги лабараториясида текширилганда маҳсулот органолептика ва физик-кимёвий кўрсатгичлари бўйича ГОСТ 7616-85 2.3 ва 2.5 бандларига номувофиқ деб топилди.
Голландия пишлоғи ёрлиқланиши бўйича ГОСТ 7616-85 нинг 4.1 банди бўйича ёрлиқнинг формаси ва ўлчамлари бўйича номувофиқ эканлиги аниқланди.
Ёки бўлмаса, Стерилизацияланган сут маҳсулоти ҳам лабаратория текширувидан ўтказилганда O’zDSt 2843:2014 стандартининг 4.4.1 банди бўйича маҳсулотнинг ёрлиғида сақлаш шароитлари тўла кўрсатилмаган. Маҳсулотнинг энергетик қуввати меъёрий ҳужжатнинг А иловасига кўра номувофиқ эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Қаймоқ, 45%, 180g идишда қадоқланган маҳсулоти ҳам текширувдан ўтказилганда O’zDSt 352:2006 стандартининг 4.4. банди бўйича номувофиқ деб топилди.
Булардан ташқари, “Деликатесные” сосискаси ҳам текширув жараёнида номувофиқлиги маълум бўлди. Маҳсулот O’z DSt 2987:2015 стандартининг консистенция, ранги, кесилгандаги кўриниши, ҳиди ва таъми кўрсатгичлари бўйича номувофиқ деб топилди.
“Ўзстандарт” агентлиги лабараториясига олиб келинган барча маҳсулотлар бевосита бозорлардан, ва савдо расталаридан сотиб олиб келиниб, мутахассислар иштирокида текширувидан ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, “Ўзстандарт” агентлиги хозирда сифатсиз деб топилган маҳсулотларни умумий номини эълон қилиш билан чекланмоқда. “Ўзстандарт” агентлиги келгусида расмий веб-сайти орқали лаборатория текширувида номувофиқ деб топилган маҳсулотларни тўлиқ номи ва ишлаб чиқарувчиси тўғрисидаги аниқ маълумотларни ёритиб боради.
Ҳурматли тадбиркорлар “Ўзстандарт” агентлиги Сиздан Республикамиз ҳудудига четдан олиб келинаётган ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратишингиз ва маъсулиятли бўлишингизни эслатиб ўтади.
Республикамиз бозорларида ва савдо мажмуаларида сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишини олдини олишга барчамиз бирдек маъсулмиз.
Шу ўринда муҳим бир савол туғилади, бозорлар ва савдо корзинкаларда муддати ўтган, сифатсиз маҳсулотларни истеъмолчиларга сотаётган юртдошларимиз бу ишларни билиб қилаяптиларми ёки билмасдан қилаяптиларми деган саволга дуч келамиз.
Республикамиз Президенти томонидан аҳолини сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш юзасидан жуда катта ишлар қилинаётган бир пайтда, айрим савдо расталарида аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдираётган сифатсиз маҳсулотларни сотиб мўмай даромад топаётганларнинг оз бўлсада виждонлари қийналармикан?
Ўзлари томонидан билиб-билмай сотилаётган бу каби сифатсиз маҳсулотларни оилаларига, фарзандларга раво кўрармикан?