"Яшил йўлак"-туризмга йўл очиқ.

Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида туризм янги соҳа сифатида фаолият кўрсатиб, тадрижий тарзда такомиллашиб борди. Ҳозирги кунда биргина Самарқандда сайёҳлик хизматини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган 193 та ташкилот мавжуд. Шундан 105 таси меҳмонхона, 88 таси туристик фирмалардир. Ушбу фармон мазкур сайёҳлик ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, туристларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишга туртки бўлади.

Биринчи навбатда, "Ўзбектуризм" миллий компанияси негизида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди. Мазкур қўмита зиммасидаги масъулият ва вазифалар салмоғи ошади. Хусусан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб туризм фаолиятига лицензия бериш вазифаси Вазирлар Маҳкамасидан янги ташкил қилинган давлат қўмитасига ўтказилади. Меҳмонхоналар ва жойлаштириш жойлари учун лицензия олиш талаблари бекор қилинади.

Бугунги кунда аксарият сайёҳлик фирмалари ва умуман, туристлар учун кутилган жиҳати уларнинг Ўзбекистонга ташрифи учун виза режимининг бекор қилинишидир. Демак, келгуси йилнинг 1 апрелидан бошлаб 15 та давлат, шу жумладан, Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония каби давлатларнинг туризм мақсадида ташриф буюрувчи, шунингдек, 55 ёшга тўлган ва 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи 12 давлат, масалан Бельгия, Индонезия, Хитой Халқ Республикаси (туристлар гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг туризм мақсадида келувчи фуқаролари учун виза режими бутунлай бекор қилинади. Шу пайтга қадар аксарият сайёҳлар виза тўғрилаш билан боғлиқ вақт ва югур-югурлар туфайли Ўзбекистонга ташрифни пайсалга солиб келишган. Ушбу янги тизим сайёҳлар ва турфирмалар учун ҳам жуда қулай, фойдали бўлади.

Хорижлик туристлар мамлакатимизга келгач, улар учун аэропортларда ҳам қулай шароит яратиш кўзда тутилган. Хусусан, 1 апрелдан Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларининг халқаро аэропортларида хорижий туристлар учун "яшил йўлак" божхона назорат тизимини, паспорт ва божхона назоратидан ўтишнинг, багажни олишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш ҳамда транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш белгиланган. Қолаверса, аэропортлар ва вокзалларда резидентлар, яъни маҳаллий аҳоли ҳамда норезидентлар – хорижлик сайёҳлар паспорт назоратидан алоҳида-алоҳида ўтишларини ташкил қилиш ҳам катта янгиликдир.