Янги ғоялар тараққиётга хизмат қилади
Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг "Ўзбекистон бизнес форуми (3-босқич)" қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган Ёшлар стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастурида ғолиб, деб топилган ИТ-лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, БМТ Тараққиёт дастури, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, корхоналари вакиллари, бизнес соҳасидаги мураббийлар, олий таълим муассасаларининг талаба ва ўқитувчилари иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили С.Приснер ва бошқалар инноватсиялар диверсификация қилинган ҳамда рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Кичик фирмалар ва стартаплар эса уларни ҳаракатга келтирувчи кучга айланмоқда. Бундай тузилмалар айни пайтда Ўзбекистонда ҳам ташкил этилиб, изчил ривожлантирилмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012-йил 21-мартдаги «Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ИТ-лойиҳаларни амалга ошириш, ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаш, инноватсион лойиҳаларни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ёшлар стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури ҳам шундай лойиҳалардан биридир.
Талабалар, профессор ва ўқитувчилар учун мўлжалланган ушбу дастурнинг мақсади олий таълим муассасаларида тўпланган тажрибани янада оммалаштириш учун ИТ-лойиҳалар билан ишлаш принципларини такомиллаштиришдан иборат. Мазкур дастурда иштирок этиш учун 33 олий ўқув юртидан 308 ариза қабул қилинган. Саралаш босқичларидан сўнг таълим, соғлиқни сақлаш, мода, умумий овқатланиш, транспорт хизматларини ривожлантириш соҳасига оид 13 лойиҳа финал босқичига чиқди.
– Кўриш қобилиятининг пастлиги ёки кўзи ожизлик ўқиш ёхуд касб эгаллашда муаммога сабаб бўлиши мумкин, – дейди «Лигҳт бй кноwледге» лойиҳаси раҳбари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг тўртинчи босқич талабаси Е.Шарипова. – Бундай касалликлардан азият чекаётган инсоннинг брайл алифбосидаги зарур адабиётни топиши қийин бўлади. Лойиҳамиз брайл ёзувидан фойдаланилган китоб ва ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, кўриш қобилияти паст кишилар учун қисқа муддатли курслар ташкил этишга қаратилган. Бу эса уларга ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, ўқиш ёки ўз устида мустақил ишлаш учун керакли адабиётни топиш имконини беради.
Тадбирда Ёшлар стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури финал иштирокчилари тақдирланди.