Электромагнит мос келувчанлик нима?

Замонавий жамиятнинг кўрсаткичларидан бири электр, электрон ва радиоэлектрон  жиҳозларнинг кўплигидир. Кўплаб электротехник ва электрон приборлар (микротўлқинли печлар, совутгичлар, иситиш қурилмалари, чанг ютгич ва ҳ.к.) кундалик турмушимизда ишлатадиган жиҳозларга айланган. Бу  жиҳозларсиз замонавий инсон ҳаётини деярли тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар жиҳатдан қулай яшаш учун унга албатта радиоприемник, телевизор, телефон ва бошқа алоқа воситалари зарур. Радиоэлектрон технологиялар бошқарув структурасига, навигация, аэрокосмик комплексга кирган. Биз радиалоқа, навигация, самолетларга йўл кўрсатиш тизимлари, қўриқлаш тизимлари ва бошқалардан воз кеча олмаймиз. Бироқ, бир томондан, техник воситаларнинг иши кўпроқ ёки камроқ даражада турли электромагнит халақитларни юзага келтиради. Атроф муҳитнинг шу халақитлар билан ифлосланиши юзага келади. Бошқа томондан радиоэлектрон жиҳозларнинг ўзи ҳар хил турдаги электромагнит таъсирларга сезувчан. Бундай халақитлар таъсири натижасида жиҳозлар ишида, уларнинг ишдан чиқиши, авария ва тўхтаб қолишларига олиб келадиган ҳар хил бузилишлар юзага келади. Буларнинг оқибати аҳоли ва атроф муҳит учун фожиали бўлиши мумкин. Электромагнит мос келувчанлик каби муаммо шундан келиб чиққан.

ЭММК муаммоси намоён бўлишининг ўзига хос мисоллари қуйидагилар бўлиши мумкин:

АЭС текширув ва бошқарув тизимларининг ишламай қолиши;

ишлаб чиқаришда, жумладан кимёвий ишлаб чиқаришда,  текширув ва бошқарув тизимларининг ишламай қолиши;

самолетларнинг борт тизимлари ва аэродром йўл кўрсатиш тизимларининг  ишламай қолиши;

тиббий диагностика ва ҳаётни таъминлаш аппаратураларининг тўхтаб қолиши;

ҳар хил турдаги радио-электрон жиҳозлар, айниқса юқори частотали жиҳозлар (уяли телефонлар, компьютерлар, радиостанциялар, ЎЮЧ-печлар, ЮЧ-ускуналар, юқори вольтли узатиш линиялари ва ҳ.к.) электромагнит нурланишининг инсон соғлигига бевосита таъсири.

Инсон хавфсизлигига бевосита таъсиридан ташқари электромагнит мос келувчанлик (ЭММК) талаблари бажарилмаслиги натижасида жиддий моддий зарар етказувчи қатор ҳодисалар ҳам мавжуд:

алоқа линияларининг ишламай қолиши;

компьютерларда ахборот йўқолиши (айниқса электрон тўлов тизимларидаги йўқолишлар сезиларли).

Шунинг учун маҳсулот сифатининг электромагнит мос келувчанлик параметрлари бўйича таъминланиши бевосита маҳсулотнинг истеъмолчилар ҳаёти, соғлиги, мулки учун хавфсизлиги ва атрофдаги табиат муҳитининг муҳофазаси билан боғлиқ.

Электромагнит мос келувчанлик – техник воситаларнинг атрофдаги электромагнит шароитда алоқа воситалари ва бошқа техник воситаларга йўл қўйилмаган электромагнит халақитларни юзага келтирмаган ҳолда, шу шароитда қониқарли ишлаш қобилияти.

Бунда электромагнит мос келувчанликни (ЭММК) таъминлаш учун нафақат нурланишлар даражасини, балки халақитга бардошлиликни ҳам регламентлаш зарур. Ҳозирча бу давлат стандартлари ёрдамида амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда давлат стандартлари (МДҲ доирасида) нормалаш ва ўлчаш усуллари жиҳатдан техник воситаларнинг жуда кўп электромагнит мос келувчанлик параметрларини қамраб олади. Стандартларимизнинг барчаси ҳам халқаро талабларга жавоб бермайди. Шунинг учун Ўзбекистонда уларни халқаро ва европа норматив-техник ҳужжатлари билан мувофиқлаштириш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда.

ЭММК доирасидаги асосий талаблар қуйидаги ГОСТларда баён этилган:

ГОСТ 29037–91 (2004) – электромагнит мос келувчанлик талабларига мувофиқликка сертификацион синовлардан ўтказиш тартиби.

ГОСТ 29205–91 (2004) – электротранспортдан юзага келадиган индустриал радиохалақитларни синаш нормалари ва усуллари.

ГОСТ 30372–95 – техник воситаларнинг электромагнит мос келувчанлиги доирасидаги атамалар ва тушунчаларнинг таърифлари.

ГОСТ 50012–92 (2004) – 5–10000 Гц частоталар диапазонида техник воситаларнинг паст частотали даврий магнит майдони параметрларини ўлчаш усуллари.

ГОСТ 50034–92 (2004) – двигателларнинг қуйидаги турдаги халақитлар таъсирига бардошлилиги даражалари учун нормалар: кучланишнинг оғиши, частотанинг оғиши, бир вақтнинг ўзида кучланиш ва частотанинг оғиши, таъминловчи уч фазали кучланиш тармоғининг носимметриялиги ва носинусоидаллиги, шунингдек двигателларнинг санаб ўтилган халақитларга бардошлилигини синаш усуллари.

ГОСТ 50648–94 (2004) – узлуксиз ёки қисқа муддатли МППЧ таъсирига учрайдиган ТВ ишлаш сифатини баҳолаш учун умумий ва қайта тикланадиган базани, шунингдек тавсия этиладиган синов қаттиқлик даражаларини, синов жиҳозларига, синов ўтказиш учун иш жойларига ва синов процедураларига қўйиладиган талабларни белгилайди.

ГОСТ 50652–94 (2004) – стандарт фойдаланиш шароитларида сўнувчи тебраниш магнит майдонининг (СТММ) таъсирига учрайдиган ўрта ва юқори кучланиш электр кичик станцияларида қўлланадиган техник воситаларга (ТВ) тааллуқли.

ГОСТ 50745–99 (2004) – халақитэмиссияни чеклаш, ташқи электромагнит халақитлар (кейинчалик матнда – халақитлар) таъсирига бардошлиликни таъминлаш, узлуксиз таъминот тизимлари (УТТ) чиқиш жойига ўтувчи тармоқ импулс халақитларини кучсизлантириш бўйича узлуксиз таъминот тизимларига қўйиладиган талаблар.

ГОСТ 51097–97 (2004) – юқори вольтли ускуналарнинг (электр узатиш ҳаво линиялари ва 1000 В дан ортиқ юқори кучланиш кичик станцияларининг очиқ тақсимлаш қурилмалари) симлари, яшиндан ҳимояловчи трослари ва йўғон симларининг изоляцияси ва маҳкамланиши учун мўлжалланган изолятор тизимлари ва электр линия арматурасига тааллуқли.

ГОСТ 52506–2005 – техник воситаларнинг электромагнит мос келувчанлиги. Лифтлар, эскалаторлар ва йўловчи конвейерлари.

Техник воситаларга таъсирдан ташқари нурланишнинг инсон организмига таъсири муаммоси мавжуд. Кўплаб мамлакатларнинг тиббиёт ходимлари ва экологларининг кўп йиллик кузатувлари бундай нурланишлар хавфли касалликларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатди. Шунинг учун истеъмолчиларга зарарли таъсирни камайтириш мақсадида техник воситалардан юзага келадиган нурланишларнинг чегаравий йўл қўйилган даражаларининг нормалари ишлаб чиқилган.

Ҳаммаси бўлиб, ЭММК бўйича талабларни таърифлайдиган юздан ортиқ норматив-техник ҳужжатлар амал қилади.