Мамлакатимизда уч юзга яқин тадбиркорлик субъекти чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланмоқда

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида чиқиндиларнинг табиат мусаффолиги ва инсон саломатлигига таъсирининг олдини олиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Инсоннинг хўжалик фаолияти ва саноат корхоналарида ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг табиий мувозанатга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш глобал экологик муаммолардан биридир. Мамлакатимизда бу йўналишдаги ишларни ташкил этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий механизмлари яратилгани барқарор ривожланиш омили бўлаётир. 

Юртимизда чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, зарарсизлантириш борасида замонавий тизим яратилган. Ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларни йиғиш ва ташишга ихтисослашган тузилмаларнинг моддий-техник салоҳиятини ошириш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Ишлаб чиқаришнинг турли йўналишларида ишбилармонлик муҳитига кенг йўл очилаётгани чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида ҳам тадбиркорлик жараёнларини ривожлантиришга замин бўлаётир. Бугунги кунда мамлакатимизда уч юзга яқин тадбиркорлик субъекти айнан чиқиндиларни қайта ишлаш борасида фаолият кўрсатмоқда. Ушбу корхоналар саноатда ва маиший тармоқда ҳосил бўладиган ва атроф-муҳитга зарари юқори бўлган шиша, елим, металл, резина ва бошқа чиқиндиларни қайта ишламоқда. Ушбу йўналишдаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида чиқиндини қайта ишлайдиган корхоналарга бир қатор иқтисодий имтиёзлар берилган. 

Табиат мусаффолигини таъминлашга йўналтирилган бундай ишларда кенг аҳоли, айниқса, ёшларнинг фаоллигини ошириш, йигит-қизларнинг онгига табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш туйғусини чуқур сингдириш муҳим вазифадир. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «Тошрангметзавод» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда «Биз билан озода келажак сари» лойиҳасини ана шу мақсадга йўналтирмоқда. 

Лойиҳа доирасида олий ўқув юртлари талабалари, коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида ижодий ишлар танловларини ўтказиш режалаштирилган. Ижодий ишларда чиқиндилар муаммоси, ноқонуний чиқиндихоналар билан курашиш, электрон чиқиндиларга муносабат, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, турар жойларда тозалик, озодаликка риоя этилишининг ҳолати, бу борадаги муаммо ва камчиликлар, чиқиндиларни зарарсизлантириш борасидаги тажрибалар ва вазифалар акс эттирилиши лозим. Бу борадаги батафсил маълумотлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг веб-сайтида (www.uznature.uz) жойлаштирилган. 

Тадбирда мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш борасидаги ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари, эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифаларга оид маърузалар тингланди. 

Манба: ЎзА