Сифат ва самарадорлик ошмоқда
Мамлакатимизда фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кундалик ҳаётда фуқароларнинг ҳуқуқий масалалари ечими юзасидан кўпроқ мурожаат қиладиган нотариал ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолияти такомиллаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.
Фарғона вилоятида адлия идоралари, хусусан, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари биноларини таъмирлаш, янгиларини барпо этиш, моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг самарали меҳнат қилиши учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишдаги дастур ижроси юзасидан кейинги йилларда вилоятда 10 дан зиёд ФҲДЁ бўлими ва давлат нотариал идоралари учун янги бинолар барпо этилди. Хусусан, Қўштепа, Бешариқ, Фарғона, Бувайда, Тошлоқ туманлари ФҲДЁ бўлимлари ва давлат нотариал идораларининг янги биноларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Жорий йилда Бағдод ва Олтиариқ туманларида ҳам янги Бахт уйи бинолари қурилиши режалаштирилган.
Янги бунёд этилган биноларда келин-куёвларнинг никоҳини қайд этиш маросимларини тантанали ўтказиш, ёшларни ҳаётга тайёрлашга йўналтирилган соғлом турмуш сабоқлари, рўзғор сирларидан хабардор этувчи “Оила дорилфунуни”, “Ёш оила қурувчилар мактаби” машғулотларини тизимли равишда ўтказиш учун барча қулайлик яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳар йили адлия органлари ва муассасалари ходимларининг малакасини ошириш бўйича тақсимот режа ишлаб чиқилади. Мазкур режага мувофиқ, шаҳар ва туман ФҲДЁ бўлими ходимлари босқичма-босқич малака ошириш курсларини ўтамоқда.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида шаҳар ва туман ФҲДЁ бўлимлари ходимлари жойларда сайёр хизматларни йўлга қўйди. Улар аҳолини соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар билан таништирмоқда,
– Янги тасдиқланган қоидалардаги янгилик ва ўзгаришлар фуқаролик ҳолати далолатномаларини сифатли, мавжуд қонунларимизга мувофиқ ҳолда қайд этиш ҳамда ҳужжат юритишнинг замонавий талабларини бажаришга хизмат қилади, – дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Маъмуржон Топволдиев. – Қонун фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоялашни ҳамда давлат ва жамият манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеалар – туғилиш, никоҳ тузиш, ўлим ва инсоннинг муҳим субъектив ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг юзага келиши, ўзгариши ва тўхтатилишига сабаб бўладиган бошқа ҳолатларнинг ваколатли органларда қайд этилишини белгилайди. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш туман ва шаҳарларда ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади, ўлим эса шаҳарча, қишлоқ ва овулларда фуқаролар йиғинлари раислари томонидан ҳам қайд этилиши мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур. Албатта, бу ишда ФҲДЁ органлари ҳам малакали ва самарали хизмати билан ҳисса қўшиши шарт.
Манба: ЎзА