Ўзбекистон туризм салоҳияти Испанияда намойиш этилмоқда
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида хорижлик шериклар билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Мамлакатимиз сайёҳлик соҳасида яратилаётган шароит ва имкониятлар турли халқаро кўргазмалар орқали бутун дунёга кенг тарғиб этилмоқда.
18 январь куни Мадрид шаҳрида “FITUR – 2017” халқаро сайёҳлик кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, “Asia Adventures”, “Central Asia Travel”, “El Mundo Tour”, “Olimpic Tour Service”, “Oriental Tales”, “Shohina STD”, “Silk Tour” каби сайёҳлик компания ва фирмалари иштирок этмоқда.
“FITUR” – энг йирик халқаро ярмаркалардан бири. Бу галги ярмаркада 165 мамлакатдан ўн мингга яқин сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, эксперт ва мутахассислар иштирок этмоқда. Кўргазма сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган.
Ўзбекистон мазкур халқаро сайёҳлик ярмаркасида бир неча йилдан буён фаол қатнашиб келмоқда. 2015 йилги ярмаркада мамлакатимиз миллий стенди “Энг яхши стенд” мақомига сазовор бўлган эди.
Бу гал ҳам “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос янги дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчилари эътиборини тортмоқда. Унда мамлакатимиз тарихий обидалари, халқимизнинг миллий анъана ва қадриятлари акс этган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа тарихий шаҳарларимизнинг диққатга сазовор жойларига оид ранг-баранг маълумотлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон делегацияси Мадридда қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган. Музокаралар давомида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилади.
Манба: ЎзА