Боксчиларимиз мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрмоқда
Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган бокс ёшлар ўртасида тобора оммалашмоқда. Ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси боксчилари 2017 йилги спорт мавсумига қизғин таёргарлик кўрмоқда.
– Федерациямиз томонидан мазкур спорт турини ёшлар ўртасида янада оммалаштириш, терма жамоаларимиз захирасини иқтидорли спортчилар билан тўлдириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Жаҳонгир Болтабоев. – Кучли бокс мактабига эга Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Бухоро, Жиззах вилоятлари билан бирга бошқа ҳудудларда ҳам мазкур спорт тури жадал оммалашиб бормоқда. Айниқса, боксчиларимизнинг Олимпиададаги ғалабасидан сўнг ёшлар ўртасида ушбу спорт турига қизиқиш янада кучайди.
2017 йилги спорт мавсумига тайёргарлик дастури доирасида минтақавий федерациялар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машғулот ва мусобақаларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шароит яратиш, маҳоратли спортчиларни саралаб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Терма жамоа аъзолари нуфузли мусобақаларга тайёргарликни Ангрен шаҳридаги “Янгиобод” спорт мажмуасида олиб боради. Бу ерда машғулотлар малакали мураббийлар томонидан босқичма-босқич ташкил этилади. Руҳий, жисмоний, техник ва тактик тайёргарлик машқларидан ташқари маънавият дарслари ҳам ўтказилаётир.
Боксчиларимиз машғулотларда ўзлаштирган билим ва кўникмаларини турли мусобақаларда синовдан ўтказмоқда. 2016 йилги спорт мавсумида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари қатор нуфузли мусобақаларда улкан ғалабаларга эришди. Дастлаб боксчиларимиз Хитойнинг Куинан шаҳрида ўтказилган Осиё – Океания Олимпия саралаш мусобақасида Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI ёзги Олимпиадага еттита йўлланмани қўлга киритди. Россия, Беларусь, Болгария, Мўғулистон, Латвия, Қозоғистон ва бошқа қатор давлатларда ўтган халқаро турнирларда муносиб иштирок этиб, шоҳсупага кўтарилди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Қозоғистонда ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида учтадан олтин, кумуш ва бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида 1 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида боксчиларимиз 3 олтин, 2 кумуш, 2 бронза медални қўлга киритиб, дунёда тенгсиз жамоа, деб топилди.
– Халқаро майдонда эришаётган ғалабаларимиз мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор самарасидир, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари олтин медали соҳиби Ҳасанбой Дўстматов. – Мамлакатимизда барча спорт турлари каби бокс билан шуғулланиш учун халқаро талабларга мос шароитлар яратилган. Биз бундан унумли фойдаланиб, навбатдаги Олимпиада ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатлари каби кўплаб нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга бел боғлаганмиз.
2017 йилда боксчиларимиз нуфузли турнирлар, қитъа ва жаҳон чемпионатларида қатнашади. Спортчиларимизнинг мазкур мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида федерация томонидан қулай шарт-шароитлар яратиб берилган. Пойтахтимизда бокс бўйича АIВАнинг WSВ – Бутунжаҳон бокс серияси турнирлари ўтказилади. Жорий йилда ҳам боксчиларимизни улкан зафарлар кутаётганига ишончимиз комил.
Манба: ЎзА