Илғор технологиялар жорий этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари кўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонун ижросини ўрганишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуродов, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Б.Дониёров ва бошқалар "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонун таълим соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш учун ҳуқуқий ва ташкилий-техник шароитларни яратувчи фундаментал ҳужжат ҳисобланиб, ахборотлаштириш жараёнларини яхлит ва тизимли тартибга солишни самарали ташкил этишга қаратилганлигини алоҳида таъкидлади. 

Депутатлар «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонун ижросини ўрганиш жараёнида Халқ таълими вазирлигининг марказий аппарати ва вазирлик тизимига кирувчи 19 ташкилот ва муассасанинг фаолиятини таҳлил килди. 

– Андижон ва Навоий вилоятларида бўлиб, умумтаълим мактабларида ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ҳолатини ўргандик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулшана Худоёрова. – Ўқитувчи-педагогларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асослари ҳақида мукаммал билимга эга эмаслиги соҳада турли камчиликларни келтириб чиқармоқда. Улар ўқувчиларга ахборот соҳасига доир зарур кўрсатмаларни етарлича беролмаяпти. Депутатларимиз томонидан ўқитувчилар таркиби ва ўқувчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидан хабардорлик даражасини аниқлаш, миллий ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиши билан боғлиқ ижтимоий сўров ўтказилди. Натижалар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқдик. 

Қонун талабларининг сифатсиз ижро этилиши интернет тармоғининг миллий сегментида ёшлар учун қизиқарли таълим порталлари сонининг камлиги, ўқувчиларнинг китоб, уларнинг электрон кўринишини ўқишга қизиқиш даражаси пастлиги, таълим ва тарбия жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Таълим муассасалари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг ахборот-кутубхона фондини кенгайтириш, марказий ахборот-кутубхона муассасаларининг маълумотлар базасидан кенг фойдаланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. 

Йиғилишда ташкилот ва идоралар ўртасида таълимга оид ахборотларни алмашиш, бошқариш жараёнларида илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали қўллаш, интерактив давлат хизматлари кўламини кенгайтириш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштиришни таъминловчи "Таълим" ахборот тизими жорий қилинаётгани, соҳани тўлиқ ахборот материаллари билан таъминловчи «ZiyoNet» ахборот таълим тармоғи фаолиятининг сон ва сифат кўрсаткичлари янгиланаётгани қайд этилди. 

Манба: ЎзА