Ариза ва шикоятларнинг 93,1 фоизи истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2016 йил фаолияти якунлари ҳамда жорий йилдаги устувор вазифаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Федерация раиси Ж.Саримсоқов ва бошқалар истеъмолчилар ҳуқуқларининг қонун ҳимоясига олиниши бозор муносабатларини тартибга солиш, товар ва хизматлар сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.
2016 йилда федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари, туман ва шаҳар жамиятларига истеъмолчилардан 9 минг 900 дан зиёд ариза ва шикоят келиб тушган. Уларнинг 93,1 фоизи ижобий ҳал этилган, 3 миллиард 860 миллион сўмдан зиёд зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
Мурожаатларнинг 28,9 фоизи табиий газ таъминоти, 23,6 фоизи савдо, 15,4 фоизи электр таъминоти ва бошқа соҳаларга тегишлидир.
Федерациянинг виртуал қабулхонаси, www.istemol.uz сайти ҳамда "1091" "ишонч телефони" орқали ариза, таклиф ва шикоятлар қабул қилинаётгани истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоялашга хизмат қилмоқда.
Давлат идоралари билан ҳамкорликда аҳоли, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида тегишли дастурлар ишлаб чиқилиб, амалга ошириб келмоқда. Ўтган йилда таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда айни шу йўналишда 7 минг 500 га яқин ўқув-семинари ва давра суҳбатлари ўтказилган.
Тадбирлар таъсирчанлигини ошириш, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида “Юксак истеъмол маданияти сари” шиори остида турли рисола ва тарғибот материаллари нашр этилди ва тарқатилди.
Оммавий ахборот воситаларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган мавзуларда 7 мингга яқин чиқишлар уюштирилди. Истеъмолга яроқсиз, инсон ҳаётига хавф солувчи маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш мақсадида “Тошкент” телеканали орқали “Сифат назорати” кўрсатуви эфирга узатилмоқда.
Ижтимоий соҳаларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик талабларига риоя этилиши билан боғлиқ ижтимоий сўровномалар ўтказилиб, уларда 51 минг 500 истеъмолчи фикр ва таклифлари ўрганилди. Кўрсатилган муаммо ва камчиликлар бартараф этилишини таъминлаш мақсадида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, бошқа идоралар ва назорат органларига тақдим этилди.
Йиғилишда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ҳудудий бирлашмалар, туман ва шаҳар жамиятлари ҳузурида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлашнинг самарали механизмларини жорий этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: ЎзА