Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Германия элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг билан учрашув бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон – Германия” парламентлараро гуруҳи раҳбари Рустам Комилов мамлакатларимиз ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Ўзбекистон ва ГФР ўртасидаги парламентлараро муносабатлар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Германия Федератив Республикаси Бундестаги билан “Ўзбекистон – Германия” парламентлараро гуруҳи аъзолари малакатимизда ўтказилаётган халқаро тадбирларда мунтазам иштирок этмоқда.
– Ўзбекистон Германиянинг энг муҳим стратегик ҳамкорларидан бири, – деди Найтхарт Хёфер-Виссинг. – Мамлакатингиз Марказий Осиёда осойишталик ва фаровонлик мустаҳкамланишига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистонда қонун ижодкорлиги жараёнини янада ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар алоҳида эътиборга молик. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқингиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Биз турли йўналишлардаги ҳамкорлигимизни ривожлантириш ниятидамиз.
Учрашувда меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, қўмиталар, фракциялар ва депутатлик гуруҳларининг фаолияти тўғрисида маълумот берилди.