Сифат менежмент тизими ва унинг афзалликлари
“Биз, аввало, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш борасидаги ишларимизни янада чуқурлаштириш, унинг соҳа ва тармоқларини таркибий жиҳатдан ўзгартириш бўйича бошланган ишларни жадаллаштиришимиз ва ҳудудларни модернизация қилиш, уларнинг рақобатдошлик даражасини ошириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари доимий эътиборимиз марказида бўлиши лозим” Ш.М.Мирзиёев.
Республикада, аввалом бор хусусий мулкчилик синфини шаклланиши ёки қарор топиши ва мулкчиликка нисбатан бўлган тушунчаларнинг ўзгариши–давлатнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг жаҳон бозорларида мустаҳкам ўринга эга бўлишида муҳим омил бўлди.
Корхоналарда ҳалқаро стандарт талабларига мувофиқ сифат тизимларининг жорий этилиши рақобат муҳитида корхоналар ютуғининг кафолати хисобланади ва корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга ва истеъмолчиларни сифатли ва экологик хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.
Шунинг учун ушбу соҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан катта эътибор қаратилмоқда, жумладан:
Мазкур соҳа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилган қарорлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарда ҳалқаро сифат тизимларини жорий этиш соҳасининг хуқуқий-норматив асоси бўлиб, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1731, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 июлдаги “Корхоналарда ҳалқаро стандартларга мувофиқ сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш бўйича тадбирлар тўғрисида”ги №349, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 19 июндаги “Республика корхоналарида ҳалқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги №173 ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 августдаги “Корхоналарда ҳалқаро стандартларга мувофиқ сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги №183 қарорларида солиқ, божхона, маҳсулотларни экспорт жараёнлари ва банк хизматлари бўйича ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида қатор имтиёз ва қулайликлар берилган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 356-моддасига асосан солиқ солинадиган база янги технологик ускуналар сотиб олишда, сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш ва маҳсулотни ҳалқаро стандартлар талабларига мувофиқ сертификатлаштиришда камайтирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 26 мартдаги ПҚ-1731-сонли қарорига асосан сифатни бошқариш тизимларини жорий этаётган микрофирма ва кичик ташкилотларга ягона солиқ тўловларини камайтириш тартиби қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 июлдаги №349 қарорига асосан синов лабораторияларига эга бўлган корхоналар белгиланган тартибда лабораторияда текшириш ва тест синовидан ўтказишда фойдаланиладиган технология жиҳозлари, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни четдан келтиришда, агар уларни етказиб бериш технология жиҳозлари етказиб бериш учун тузилган контракт шартларида назарда тутилган бўлса, божхона тўловларидан, шу жумладан қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш тартиби қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 19 июндаги 173-сон қарорига асосан давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотлар харид қилиш юзасидан тендер савдолари ўтказишда бошқа тенг шарт-шароитларда устунлик сифатни бошқаришнинг сертификатлаштирилган тизимига эга бўлган мамлакатимиз маҳсулот етказиб берувчиларига берилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 21 июлдаги 154-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан халқаро стандартлар бўйича сифат тизимини жорий қилган, шунингдек экспортбоп маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни назарда тутувчи корхоналар, маҳаллийлаштириш дастурига киришда, юқоридаги мезонларга мувофиқ келадиган лойиҳалар бўйияа афзаллика эга.
Адлия вазирлигида 2697-сон билан рўйхатга олинган «Тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари амалга оширилаётган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом»да назарда тутилган имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар сифатни бошқариш тизимини жорий этишга жалб қилинган корхоналарнинг муҳандис-техник ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.
Бугунги кунда сифат тизимларини сертификатлаштириш идоралари сонини 27 та етказилиб, шундан 8 та сертификатлаштириш идораларини ҳалқаро даражада аккредитациядан ўтказилди. Ушбу ишларни ривожлантириш мақсадида қўшимча равишда 2 та ҳудудий марказлари (Андижон ва Самарқанд) қошидаги сифат тизимларини сертификатлаштириш идораларини халқаро аккредитациядан ўтказиш учун Туркиянинг ТУРКАК томонидан 2017 йилнинг 1-чорагида ҳалқаро даражада аккредитациядан ўтказиш режалаштирилди.
Республикада 17155 та ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлиб, шундан 3306 таси сертификатлаштирилди. Агентлик томонидан 3306 та корхоналарга жами 3431 та мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган бўлиб, шундан ISO 9001 - 3134 та, ISO 14001 - 54 та, OHSAS 18001 - 68 та, ISO 22000 - 72 та, ISO 50001 - 11 та, ISO/TS 16949 - 34 та ва GMP - 9 та ва уйғунлашган МТни 55 та ташкил этади.
Бу кўрсаткич Республика худудлари ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 октябрдаги «2020 йилгача бўлган даврда Сифат миллий инфратузилмасини ривожлантириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги 298-сонли қарори юзасидан 2016 йилда режалаштирилган 785 та (Вазирлар Маҳкамасининг Комплекслари кесимида 136 та ва худудлар кесимида 649 та) корхоналар ҳалқаро стандартлар асосида сертификатлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сон фармонига асосан 2016 йилда худудлар кесимида сифат тизимларини жорий этиш бўйича белгиланган жами 118 та акционерлик жамиятларида тўлиқ ҳалқаро стандартлар жорий этилди ва сертификатлаштирилди.
Шунингдек, Агентлик раҳбарияти томонидан тадбиркорлик субъектларига бир мунча қулайликларни йўлга қўйиш учун «Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисида»ги Низом ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлиги томонидан 2754-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур низомга асосан корхоналарда жорий этилган сифат менежменти тизимларини мувофиқлигини тасдиқлаш юзасидан расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатларининг амал қилиш муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди.
Республика худудлар кесимида жами 828 экспортёр корхоналарининг 202 таси сертификатлаштирилиб, шундан 151 таси миллий даражада, 51 таси ҳалқаро даражада сертификатлаштирилди.
Бундан ташқари хозирда қолган 626 та экспортёр корхоналарда сифат тизимларини жорий этиш ишлари йўлга қўйилиб, ушбу корхоналарнинг 54 таси ҳалқаро даражада тан олинган DQS, Cert International, SGS, Astraia Management ва O’zTTM сертификатлаштириш идоралари томонидан сертификатлаштирилди.