Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Латвия Фавқулодда ва мухтор элчиси Рейнис Трокш билан учрашди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон ва Латвия техник тартибга солиш ва стандартлаштириш соҳасида ҳамкорлик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, стандартлаштириш соҳасида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, Европа ва халқаро стандартларни жорий этиш, Латвия стандартлар институти ва Латвия метрология институти идораси ҳамкорлигида юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Стандартларни таржима қилишга сунъий интеллектни жорий қилиш, сифат инфратузилмасига грантлар ва техник кўмакни жалб этиш, соҳа йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, томонларнинг улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, янги истиқболли лойиҳаларни кенгайтириш ва янада чуқурлаштириш бўйича фикрлар алмашилди.

Экспорт бозорларини кенгайтириш мақсадида савдодаги техник тўсиқлар, экспорт-импорт маҳсулотларга қўйилган талабларга  эътибор қаратилди. Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар кўришга собит эканликларини билдирдилар.