Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Афғон миллий стандартлар ташкилоти (ANSA) бош директори Тамим Файзуллоҳ билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Афғонистон техник тартибга солиш соҳасида ҳамкорлик муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, савдо тўсиқларини камайтиришда халқаро стандартларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Экспорт бозорларини кенгайтириш мақсадида савдодаги техник тўсиқлар, экспорт-импорт маҳсулотларига қўйилган талабларга эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг август ойида барпо этилган Термиз халқаро савдо маркази қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратишига, шунингдек, минтақада савдо алоқаларини кенгайтириш, синовларни ўтказиш ва сертификатларни расмийлаштиришда муҳим платформага айланишига ишонч билдирилди.
Афғон томонига саноат учун зарур бўлган метрология лабораториялар хизматлари, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этишда ҳукуматлараро Битим лойиҳаси ишлаб чиқиш таклиф этилди. Учрашув якунлари бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш, муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.