Коллеж битирувчиси Зарафшон шаҳрида хусусий стоматология маркази очди
Навоий маданият ва санъат коллежи битирувчиси Эркин Яндашов “Микрокредитбанк”нинг вилоят филиалидан 60 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, Зарафшон шаҳрида хусусий стоматология маркази ташкил этди. 5 нафар тиббиёт мутахассиси фаолият юритаётган ушбу шифо маскани хизматидан аҳоли мамнун.
Чорвачилик фаолияти билан шуғулланаётган нуроталик Сафарбек Қодиров ҳам тижорат банкидан 6 миллион сўм имтиёзли кредит олди. Нурота қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тамомлаган Сафарбек катта мақсадлар билан иш бошлади.
Президентимиз раҳнамолигида касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш, таълим муассасалари ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг мустақил ҳаёт йўлини танлашида кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навоий вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Ўтган йили 12 минг 950 дан ортиқ ёш мутахассис касб-ҳунар коллежини битирди, – дейди Навоий вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Олимжон Бобомуродов. – Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ёш тадбиркорларга ўтган йили 15 миллиард 500 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Ёш тадбиркорлар турли йўналишларда ўз бизнесини йўлга қўйиб, нафақат оиласи фаровонлигига ҳисса қўшмоқда, балки тенгдошларини иш билан таъминламоқда.
Битирувчиларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларда ишбилармонлик кўникмасини шакллантириш, ёшларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида таълим муассасаларида ташкил этилган махсус ўқув курслари фаолияти бунда самарали бўлмоқда.
Ўтган йили вилоятдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг қарийб 91 фоизи доимий иш билан таъминланди. Бунда йил давомида ўтказилган 36 бўш иш ўринлари ярмаркаси муҳим омил бўлмоқда. Ана шу ярмаркаларда 1800 га яқин битирувчининг бандлиги таъминлангани фикримизни тасдиқлайди.
Вилоятдаги касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг тадбиркорлик фаолияти ва бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда тижорат банклари томонидан 24 миллиард 500 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш белгиланган.
Манба: ЎзА