Банк ходимлари аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг тадбиркорликка қизиқишини ўрганмоқда
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
"...Тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Мен такрор бўлса ҳам, айтишдан ҳеч қачон чарчамайман, яъни “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида.
Банк кредити тадбиркорликни ривожлантиришнинг асосий омилларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чораларини кўрмоқда. “Оддий аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш” шиори остидаги лойиҳа шулардан бири.
– Бир ойдирки, Бухоро вилоятидаги қатор тижорат банклари ходимлари шаҳар ва қишлоқларда аҳоли хонадонларида бўлиб, мулоқот қилиш асносида уларнинг тадбиркорликка қизиқишини ўрганмоқда, – дейди Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси бўлим бошлиғи Б.Муродов. – Бунда тадбиркорликни бошловчилар учун чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, касаначилик, ҳунармандлик, тикувчилик, сартарошлик, қандолатчилик каби 20 дан зиёд йўналиш бўйича қулайликларни ўз ичига олган молиявий хизматлар таклиф қилинаётир.
“Агробанк”, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Микрокредитбанк”, “Асакабанк”, “Ипотекабанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк” ва бошқа молия муассасалари бизнес лойиҳалари ва кредит олиш учун зарур ҳужжатларга эга бўлган бошловчи ишбилармонлар ҳужжатларини ўрганиб, белгиланган тартибда кредитларни расмийлаштирмоқда. Зарур ҳужжатларга эга бўлмаганларнинг бизнес лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилаётир. Намунавий бизнес лойиҳалар таклиф этган ҳолда, тадбиркорликни йўлга қўйиш борасида маслаҳатлар бермоқда.
Банкнинг мижоз олдига бориб ўз хизматини таклиф этиши яхши самара бермоқда. Масалан, Вобкент туманидаги “Ниёзхўжа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Абдуманнон Шариповга чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиши учун “Ипотекабанк” вилоят филиалидан 14,9 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Бошловчи тадбиркор бу сармояга беш бош қорамол сотиб олди.
Марказий банк вилоят бош бошқармасидан маълум қилишларича, ҳозирга қадар 100 дан зиёд бошловчи тадбиркор банк кредити ҳисобидан ўз фаолиятини йўлга қўйди.
Манба: ЎзА