Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган “Ўзбекистон -Малайзия” бизнес-форуми доирасида Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) бош директори Ҳакима Моҳд Юсуф билан учрашди.
Унда ҳалол стандартларни жорий этиш, сертификатлаштириш ва бу борада Малайзиянинг илғор тажрибасини жорий этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) мувофиқликни баҳоловчи идораларини аккредитация қилувчи ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи давлат органи ҳисобланади. JAKIM таркибида “Latihan Islam” институти ташкил этилган. Институт сертификатлаштириш идоралари ва синов лабораториялари ходимлари учун ISO стандартлари ва «Halal» сертификатлаш тизимини жорий этиш бўйича малака ошириш курсларини ташкил қилади. Бугунги кунга қадар JAKIM сертификатлари Малайзияда тан олинган дунёнинг 46 давлатининг миллий сертификатлаштириш органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Музокаралар давомида Малайзия томонига стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш учун муҳит яратиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чора-табирлар ҳақида маълумот берилди.
Малайзия томони Ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдандан манфаатдор эканлигини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) билан ҳалол стандартларни жорий этиш, сертификатлаштириш
ва малакали мутахассислар тайёрлашда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги
Ҳалқаро ҳамкорлик ва интеграция бошқармаси