Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони»да техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Агентликда бундай муҳим вазифалар ижросини таъминлаш, ҳамкор олий таълим масканлари билан яқин фаолиятни йўлга қўйиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда олий таълим даргоҳларида стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳалари учун кадрларни тайёрлаш, ўқув дастурларининг ҳолати, талабаларнинг ўқув-амалиётларини самарали ташкил қилишдаги мавжуд муаммоларни ўрганиш орқали, ижобий қарорларни қабул қилишдан иборат. Шу мақсадда агентликда мамлакатимиздаги нуфузли ҳамкор университет ва институтларнинг ректорлари ва ўқув ишлари бўйича проректорлари иштирокида семинар ташкил этилди. Мазкур учрашувда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига юқори малакага эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш, халқаро тажриба асосида бу борада ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш, таълимни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, уларни ўқув ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этишдаги масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, учрашув сўнгида меҳмонлар яқинда ташкил этилган «Ўқув амалиёт хонаси» фаолияти билан яқиндан танишиб, соҳада фойдаланиб келинаётган замонавий жиҳозлар, лабораторияларнинг техник имкониятлари бўйича маълумотга эга бўлишди.