«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида янги фильм суратга олинди
Пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги Кино саройида “Дадам бетоб” бадиий фильмининг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун намойиши бўлиб ўтди.
Фильм «Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган.
Тадбирда мамлакатимизда миллий кинематографияни ҳар томонлама ривожлантириш, бунинг учун зарур моддий ва маънавий шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритилди. Биринчи Президентимизнинг 2004 йил 16 мартдаги “Кинематография соҳасида бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Фильмда ўзбек халқининг оилапарвар, юртпарвар экани, оилани муқаддас билиши, миллий анъаналарга содиқлиги тараннум этилган. Ҳаётий ва таъсирчан лавҳаларда озод ва обод Ватанимизни, мустақиллигимизни, тинчлик ва осойишталикни кўра олмаган ёвуз кучлар қораланади. Киноасар воқеалари мусаффо осмонимизни, бахтиёр, тўкин ва фаровон ҳаётимизни қадрлашга, уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлашда масъулиятни астойдил ҳис этишга чорлайди.
Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр – Зулфиқор Мусоқов. Постановкачи оператор – Азиз Арзиқулов. Постановкачи рассом – Мария Сашина. Асосий ролларни Феруза Саидова, Юлдуз Ражабова, Фарҳод Абдуллаев, Баҳриддин Абдуллаев, Хайрулла Саъдиев каби актёрлар ижро этган.
Манба: ЎзА