Қонунбузарликка муросасиз бўлайлик
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари, тингловчилари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори М.Алиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Қурбонов, Бош прокуратура масъул ходими Х.Турсунбеков, Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи И.Турғунов ва бошқалар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими изчил такомиллаштирилаётгани, бу халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жамиятимизда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтиришни изчил давом эттириш зарурлигига эътибор қаратаётир. Жамият ривожига ғов бўлаётган иллат – коррупцияга қарши курашиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилингани бу борада муҳим қадам бўлди.
Қонун давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширади. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга ҳуқуқий замин яратди.
Коррупцияга қарши курашувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида қонунда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссияларни ташкил этиш ҳамда унинг таркибига жамоат бирлашмаларининг вакилларини, тадбиркорларни ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ходимларини киритиш назарда тутилган.
Ушбу ҳужжат хусусий мулкни ғайриқонуний тажовузлардан, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ҳимоялашга қаратилган.
Давра суҳбатида давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назорат кучайтирилиши қайд этилди. Қонунчилик меъёрларини бузишга, уларни нотўғри ҳамда ўзбошимчалик билан талқин этишга, расмиятчилик ва коррупцияга йўл қўймаслик мамлакатни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.
Тадбир якунида иштирокчилар ушбу соҳада амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотлар юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Манба: ЎзА