Ўзбекистон билан Бангладеш ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик кенгаяди

Бангладеш Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасида туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликка бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 
Бангладеш Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннан Бангладеш билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик турли жабҳаларда, жумладан, сайёҳлик соҳасида ҳам ривожланиб бораётганини таъкидлади. 
Сайёҳлик соҳаси ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналишларидандир. Мамлакатимизга ҳар йили кўплаб бангладешликлар ташриф буюради. Тошкентда ўтадиган сайёҳлик ярмаркаларида Бангладеш фирма ва компаниялари фаол қатнашиб келади. Ушбу мамлакат ижодкорлари юртимизда ташкил этилаётган тадбирлар, хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, халқаро кўргазмалар, кўрик-танловлар, биенналеларнинг доимий иштирокчиси ҳисобланади. 
– Ўзбекистон ва Бангладеш ҳамкорлиги савдо, иқтисодиёт, саноат, маданият каби кўплаб соҳаларда жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим, – деди Мосуд Маннан. – Мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликнинг бизнес, экотуризм, тиббий, тарихий ва маданий каби йўналишларини ривожлантиришнинг имкониятлари катта. Тошкент ва Дакка ўртасида ҳаво қатновини йўлга қўйиш ниятидамиз. Бу икки томонлама сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилади. Ўзбекистон билан мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш истагидамиз. 
Тадбирда Ўзбекистон билан Бангладеш ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Бангладешнинг табиий, тарихий ва маданий мероси, диққатга сазовор жойлари тўғрисида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди, сайёҳлик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Манба: ЎзА