Кураш халқаро ассоциацияси энг яхшиларни аниқлади

Кураш халқаро ассоциацияси 2016 йил якунларига кўра турли номинациялар бўйича йилнинг энг яхшиларини эълон қилди. 
Мустақиллик йилларида миллий қадриятимиз – кураш жаҳонга юз тутди, халқаро спорт турига айланди. Бугун бир юз йигирмадан зиёд мамлакатда кураш федерациялари фаолият юритмоқда. Кураш халқаро ассоциацияси ҳамда унга аъзо Осиё, Европа, Панамерика, Африка ва Океания кураш конфедерациялари томонидан мазкур спорт тури бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юқори савияда ташкил этилаётир. 
2016 йил ҳам кураш бўйича ёрқин воқеаларга бой бўлди. 
Вьетнамнинг Дананг шаҳрида ўтказилган V Осиё соҳил ўйинларида кураш бўйича мусобақалар ташкил этилди. Унда полвонларимиз иккита олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди. 
Суҳроб Худойбердиев мазкур мусобақада кўрсатган маҳорати, чиройли усулларни қўллагани учун Кураш халқаро ассоциацияси томонидан "Йилнинг энг яхши техника соҳиби", деб эътироф этилди. 
Ҳиндистоннинг Коччи шаҳрида йигирма ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида кураш бўйича VIII жаҳон чемпионати ўтказилди. Нуфузли чемпионатда дунёнинг элликдан зиёд мамлакатидан беш юзга яқин спортчи 15 вазн тоифасида ғолиблик учун ўзаро беллашди. Мусобақада муваффақиятли қатнашган полвонларимиз 9 олтин, 3 кумуш ва 1 бронза медални қўлга киритди. 
Мазкур нуфузли мусобақа "Йилнинг энг яхши чемпионати", деб топилди. 
Эронлик Мустафо Далириан “Йилнинг энг яхши эркак курашчиси”, Хитой Тайпейи вакиласи Ли Ван Тинг "Йилнинг энг яхши аёл курашчиси", Доминикан Республикасидан Алгимедез Ортиз Круз ва Жанубий Африка Республикаси вакиласи Хенриетт Моллер “Йилнинг энг яхши ҳакам”лари, Жанубий Корея терма жамоаси мураббийи Сун Жун Кьюн "Йилнинг энг яхши мураббийи", Конго Республикаси кураш ассоциацияси “Энг яхши миллий федерация”, Панамерика кураш иттифоқи “Энг яхши қитъа федерацияси", деб топилди. 

Манба: ЎзА