2 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинди
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Baxmal export” масъулияти чекланган жамияти ўтган йили Россия, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларига 14 турдаги 2 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилди. Жорий йилда Ҳиндистон ва Вьетнам тадбиркорлари билан ҳам шартномалар тузиб, экспорт географиясини янада кенгайтирди.
Корхона ўтган йили ёз-куз мавсумида помидор, қалампир, узум, олхўри, ўрик, мош, нўхат, ловия, картошка, қизил лавлаги, кўкат, гул карам ва қовоқ экспорт қилган эди. Қиш мавсумида хорижга кўпроқ дуккакли маҳсулотлар, данакли ва қуруқ мевалар чиқармоқда.
Корхонага ўтган йили Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вилоят филиалининг 1 миллиард 200 миллион сўмлик имтиёзли кредити ҳисобидан хориждан мева қуритадиган, дуккакли маҳсулотларни тозалаб, саралайдиган замонавий технологик ускуналар келтириб ўрнатилди. 3 сотих майдонда лимон етиштириш учун иссиқхона барпо этилди. Фаолиятни кенгайтириш ҳисобига 80 доимий, 150 мавсумий иш ўрни яратилди.
Айни пайтда корхона хорижга маҳсулот экспорт қилишдан ташқари ички эҳтиёжни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшаётир. Умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари ошхоналарига арзон нархларда 159 миллион сўмлик картошка сотилди.
– Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони фаолиятимизни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди корхона раҳбари Анвар Сафаров. – Туман ҳокими қарори билан ажратилган 728 гектар ерда узум, мева-сабзавот, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспортбоп қилиб етиштириш устида иш олиб борилмоқда. Жорий йилда мева шарбати ишлаб чиқарувчи ва қадоқловчи технологияларни ишга тушириш режалаштирилган. Бу яна 20 иш ўрни яратиш имконини беради. Бу режани амалга ошириш учун корхонанинг моддий-техник имкониятлари етарли.
Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда белгиланган дастурлар изчил амалга оширилаётир. Ўтган йили 4 минг 100 гектар майдонга мева-сабзавот экинлари экилгани самараси шу кунларда бозорлар сероблиги, омборларнинг тўлалигида намоён бўлмоқда.
Бу йўналишда табиий иқлим шароити мева-сабзавот етиштириш учун қулай бўлган тоғли ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ғаллаорол туманида мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган 300 га яқин фермер хўжалиги фаолият кўрсатаётир.
Вилоятда мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш билан бирга, уни сақлаш, қайта ишлашга қаратилаётган эътибор ҳам ушбу маҳсулотлар экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда. Маълумотларга кўра, 2016-2017 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун вилоятдаги мавжуд совуткичли мева-сабзавот омборхонларига 17 минг 590 тонна маҳсулот сақлашга қўйилган.
Манба: ЎзА