Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида янги ишга туширилган “Rayhon apparel” МЧЖ корхонаси тайёр кийим ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Корхона йилига 5 млн. дона 15 турдаги тайёр трикотаж кийим-кечаклар маҳсулотлари ва пахта толаси ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Корхона томонидан жорий йилнинг январь-май ойлари мобайнида жами 131,2 минг АҚШ доллари миқдорида тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, июнь ойи мобайнида 101,4 АҚШ доллар миқдорида тўқимачилик маҳсулотлари Хитойга экспорт қилинди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг “UzTest” Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан янги корхона масъуллари билан музокара ўтказилиб, ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотлари халқаро стандартлар асосида сертификатлаштириш, стандарт талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган хавфсиз ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда соҳага оид бошқа масалалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Тадбир давомида корхонанинг экспорт географиясини кенгайтириш учун “GSP+” имтиёзлар тизимидан унумли фойдаланган ҳолда ўз маҳсулотларини Европа давлатларига экспортга йўналтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.