Бугун Ўзбекистон миллий метрология институтида 11 февраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар кунига бағишланган тадбир ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамкорлигида ташкил қилинди.
“Метрология илм-фанини ривожланишида хотин-қизларнинг роли” мавзусидаги Республика илмий-амалий семинарида Ўзбекистон миллий метрология институтида фаолият олиб бориб, илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган, илмий изланишлар олиб бораётган ташаббускор ёш олималар ҳам иштирок этишди. Ёш олималар ўз илмий ишлари ҳақида йиғилганларни таништиришди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, агар Миллий метрология институтида 2017 йилда 1 нафар PhD ходим фаолият юритган бўлса 2023 йил 1 февраль ҳолатига уларнинг сони 10 нафарга (шундан 3 нафари аёллар) етказилди. 2028 йилга уларнинг сонини 30 нафарга етказиш максад килинган. Шунингдек, институтда гендер тенглиги бўйича тизимли ишлар олиб борилмокда. Ҳозирда институт ва унинг ҳудудий филиалларида жами 650 нафар ходим фаолият юритаётган бўлса, шулардан 180 нафарини хотин-қизлар ташкил этади, шундан 4 нафари раҳбар аёл ходимлар. Шу билан бир қаторда, институтдаги жами ходимларнинг 65% ни ёшлар ташкил этади. Ҳозирда илмий лойиҳа ва инновацион ғоя бўйича 10 нафар аёллар амалий ишланмалар устида изланмоқдалар. Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган танловларда иштирок этиб, салкам 4 млрд. сўмга яқин миқдорда тўртта амалий ва инновацион лойиҳа молиялаштирилди. 10 нафар ходим чет эл стажировкаларга юбориш учун ўтказилган танловда ғолиб бўлишди. 1 йил давомида 3 та ишланмага патент гувоҳномаси олинди. 202 йилда илмий-тадқиқот институтлари рейтингида 103-ўриндан 77 поғона юқорилаб, ижобий кўрсаткичга эга бўлишди.
Семинарда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирхонова сўзга чиқиб, гендер стратегиясининг асосий мақсад ва вазифалари, ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва 2023 йил учун режалари, гендер тенгликни таъминлашнинг асосий шарт шароитлари, илм-фанда хотин-қизлар улушини ошириш масалалари хусусида сўз юритди. Сенатор Гулнора Маруфова ҳам сўзга чиқиб, гендер тенгликни таъминлаш бўйича халқаро тажриба ва халқаро ҳамкорлик ҳақида гапирди. Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъул ходими Мукаррам Нурматова хотин-қизларнинг жамиятда фаоллигини ошириш, уларга давлат ва ҳукумат томонидан яратилаётган шароит ва берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталди, дунё тан олган ўзбек академик ва профессор олима аёлларнинг ҳаёти ва фаолиятини ибрат сифатида келтирди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарияти томонидан ва Ўзбекистон миллий метрология институти ёш олималарининг ютуқлари алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида меҳмонлар Ўзбекистон миллий метрология институтининг миллий эталонлар базаси ва лабораториялар фаолияти билан ҳам танишишди. Жумладан, эталонларнинг аҳамияти, улардан фойдаланиш талаблари ва халқаро доирадаги муносабатлар, институт томонидан олиб борилаётган лаборатория ишлари ҳақида тасаввурларини янада бойитишди.