2016 йилда марказий ҳарбий спорт клуби аъзолари 339 олтин медални қўлга киритди
...Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш, давлатимиз байроғини доимо баланд тутиш бизнинг ҳам спортчи, ҳам ҳарбий офицер сифатидаги муқаддас бурчимиздир. Бу туйғу бизга ғайрат-шижоат бағишлайди, янги-янги ғалабалар сари руҳлантиради. Ҳар сафар нуфузли мусобақалардаги ғалабамдан сўнг давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида, спортчи ва ҳарбий сифатида Ўзбекистон фарзанди бўлганимдан фахр-ифтихор туйғулари қалбимда жўш уради.
Бу – уч карра Олимпия ўйинлари совриндори, дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони Ришод Собировнинг сўзлари.
Тинч юртга байрамлар ярашади, дейди халқимиз. Яқиндагина шоду хуррамлик, завқу шавқ билан қарши олган Янги йил байрами шукуҳи тарк этмай туриб, юртимизда яна бир қутлуғ сана – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, жамиятимиз тараққиёти, халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришида ҳарбий хизматчиларнинг ҳиссаси бор.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий спорт клуби фаолияти, ҳарбий спортчиларимизнинг 2016 йилги спорт мавсумида эришган ютуқлари таҳсинга лойиқ. Чунки қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуси жўш урган ҳарбий спортчиларимизнинг турли нуфузли мусобақаларда эришаётган юксак натижалари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Улар ҳам спортчи, ҳам ҳарбий хизматчи сифатида ўзининг шарафли вазифасига масъулият билан ёндашишни, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни асосий мақсади, деб билади.
Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида миллий армиямиз сафларига ҳар томонлама соғлом, чуқур билимга эга йигитлар саралаб олинмоқда. Бу жараёнда марказий ҳарбий спорт клуби юксак салоҳиятли ва истеъдодли ҳарбий спортчиларни тарбиялайдиган ватанпарварлик ва жасорат мактаби вазифасини ўтамоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1993 йил 19 мартдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган мазкур ҳарбий спорт клуби Қуролли Кучларимиз сафини жисмоний ва маънавий соғлом ёшлар билан тўлдириш, ҳарбийларимизни спортга кенг жалб этиш, мамлакатимиз олимпия захираларига маҳоратли спортчилар ва малакали мураббийлар етиштириб беришга муносиб ҳисса қўшаётир.
Бугунги кунда мазкур клубда етти юздан зиёд йигит-қиз спортнинг бокс, баскетбол, эркин ва юнон-рум кураши, ҳарбий-амалий спорт турлари ва ҳарбий-амалий яккакурашлар (армрестлинг, қўл жанги, универсал жанг, автоспорт), сув полоси, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, дзюдо, миллий кураш, енгил ва оғир атлетика, таэквондо, теннис, ўқ отиш, трамполин, самбо ва регби каби турлари бўйича тажриба ва маҳоратини оширмоқда. Улардан 10 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, 43 нафари халқаро тоифадаги спорт устасидир.
Марказий ҳарбий спорт клубида спортчиларнинг ҳарбий тартиб-интизоми, маънавий-руҳий тайёргарлиги, мамлакатимиз мустақиллиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу уларнинг иродали, матонатли, мард ва жасур, ҳар қандай вазиятда Ватан ҳимоясига қодир, юқори малакали кадрлар бўлишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Қатор спорт турлари бўйича машғулот жараёнлари МҲСК тизимида фаолият юритаётган малакали мураббийлар раҳбарлигида ўтказилади. Клуб аъзолари спорт билан шуғулланиш баробарида ўз касб маҳоратини ошириш, мудофаа тизимидаги бошқа соҳаларда фаолият юритиш имконига ҳам эга.
Клубнинг мамлакатимиз спорт федерациялари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани ҳарбий спортчиларга ўқув-машғулот йиғинларини юқори савияда ташкил этиш, халқаро мусобақаларда қатнашиш имконини бермоқда. МҲСКнинг 263 спортчиси бугунги кунда қатор спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларимиз таркибида қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда юксак натижаларга эришаётир.
2016 йилги спорт мавсумида марказий ҳарбий спорт клуби вакиллари мамлакат ва халқаро миқёсдаги турли даражадаги мусобақаларда 339 олтин, 236 кумуш, 226 бронза медални қўлга киритди.
Ўтган йилги спорт мавсумининг энг муҳим воқеалари – Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида МҲСК вакиллари ҳам мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак ғалабаларга эришди. Тажрибали дзюдо устаси Ришод Собиров Олимпия ўйинларининг учинчи бронза медалига сазовор бўлди. Боксчиларимиздан Бектемир Мелиқўзиев кумуш, Муроджон Аҳмадалиев бронза медални қўлга киритди. XV Паралимпия ўйинларида Одилжон Тулендибоев ўз вазн тоифасида тенгсиз, деб топилди. Шуҳрат Бобоев ва Феруз Сайидов шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди.
– Нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқларимиз замирида мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилаётган улкан эътибор мужассам, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари совриндори Бектемир Мелиқўзиев. – Бундай эътиборга жавобан келгусида жаҳон майдонларидаги нуфузли спорт анжуманларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, унинг обрў-эътиборини юксалтиришни асосий бурчимиз, деб биламиз.
Манба: ЎзА