Анжуманда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувда жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, шунингдек етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди.
Маълумот учун. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 18-64 ёшдаги аҳолиси ўртасида ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, ҳар куни аҳолининг учдан икки қисми (67 фоиз) етарли миқдорда (400 граммдан кам) сабзавот ва мевалар истеъмол қилади; аҳолининг ярми оғир вазнли, 20 фоизи семиз; 46 фоизининг қонида холестерин миқдори ошган; аҳолининг ўртача туз истеъмоли кунига 14,9 граммни ташкил этади, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия этилган миқдордан 3 баравар кўп (кунига 5 граммдан ошмаслиги лозим).
Республикамизда ҳар йили ноябрь ойида сифат ҳафталиги тадбири ўтказиб келинаётгани, бунда сифатли ва хавфсиз овқатланиш тамойиллари, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини инсон соғлиғи учун зарари, болалар ва ўсмирлар томонидан кучли газланган, рангли, ширин ҳамда энергетик ичимликларнинг истеъмолини тартибга солиш бўйича тавсиялар ва бошқа мавзулар акс этган репортажлар ва лавҳалар тайёрланиб, давра суҳбатлари, брифинглар, учрашувлар ва интервьюлар шаклида кенг жамоатчиликка етказиб келинаётган айтилди.
Санитария-эпидемиология хулосасини расмийлаштириш жараёнида 2022 йилнинг ўтган даврида ўрганиш ҳамда лаборатория таҳлилилари натижаларига кўра норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермаган жами 3540,8 тн ва 4623 литр озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилган ва белгиланган тартибда йўқ қилинган ёки қайта ишланган.
Аҳоли орасида юқумли ошқозон-ичак касалликлари ва гуруҳли овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш борасида ҳамкорликда 1150 та рейдлар ўтказилди, 149 маротаба бозорларда, 375 та умумий овқатланиш корхоналарида, 597 та савдо дўконларида ва 142 та озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналарида ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган камчилар юзасидан 228 нафар фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилиб, сифатсиз деб топилган 36475 кг озиқ-овқат маҳсулотларининг савдоси тақиқланди. 564 нафар ишчи ходимлар тиббий кўрикдан ўтмаганлиги учун вақтинча ишдан четлаштирилди. 25 та объектларнинг иш фаолияти аниқланган камчиликларни бартараф этгунга қадар вақтинчалик тўхтатилгани маълумот ўрнида келтирилди.
Бироқ озиқ-овқат маҳсулотлариниг хавфсизлигини таъминлаш тизимида ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги, аҳоли ва тадбиркорларнинг санитария билимлари ва гигиеник кўникмалари етарли даражада бўлмаслиги натижасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилиб келинаётгани, бу жараёнларга барҳам беришда тегишли масъул вазирлик ва идоралар ҳамкорлигини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.