Унда Олий Мажлис Сенаторлари ва тегишли вазирлик, идоралар ҳамда Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари масъуллари иштирок этдилар.
Мажлисда мазкур қонуннинг аҳамияти, тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар учун муҳим эканлиги, шу билан бирга миллий маҳсулотларимизнинг сифатини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Бош директори Д.Саттаровнинг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги янги қонуни 31 та моддадан иборат бўлиб, стандартлаштириш соҳасидаги халқаро талаблар ва илғор хорижий тажриба қамраб олинганлиги юзасидан ахбороти тингланди.
Шунингдек, қонунда «давлат стандарти» тушунчаси «миллий стандарт» тушунчасига ўзгартирилгани, миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилиши ишлаб чиқарувчилар учун яна бир имконият эканлиги таъкидланди.
Янги қонуннинг қабул қилиниши билан 18 мингдан ортиқ стандартлар мажбурийликдан ихтиёрийликка ўтиши, халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни юртимизда қўллаш тартиби жорий этилиши, бунда улар Миллий идоранинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилинишига эътибор қаратилди.
Бундан ташқари янги қонунда идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисидаги қарорлар қабул қилишни стандартлаштириш бўйича миллий идора – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон стандартлар институтига берилаётгани мазкур соҳадаги шаффофликни таъминлашга ёрдам бериши таъкидлаб ўтилди.
Мажлис давомида ҳудудлардан сайланган Сенаторларнинг мазкур Қонунни янада такомиллаштиришга оид таклифлари ҳам тингланди.