«Ўзэкспомарказ»да солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришлар мазмун-моҳиятига бағишланган кўргазмали семинар иш бошлади

«Ўзэкспомарказ» мажмуасида солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятига бағишланган кўргазмали семинар ўз ишини бошлади.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этмоқда. 
Қўмита раиси Б.Парпиев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар миллий иқтисодиётнинг изчил ривожланиши ҳамда аҳоли фаровонлиги ошишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 
Қайд этилганидек, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзларини бериш ва солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақлаб қолинди. 
2016 йил якунида қабул қилинган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа бир қатор фармон ва қарорларга мувофиқ солиқ тўловчиларга турли йўналишлар бўйича енгилликлар, имтиёзлар яратилди. Қонун ҳужжатларига асосан берилган имтиёзлар муддати узайтирилди. 
Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларни фойда ва ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари 12 фаолият турини, шундан 4 таси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ва 8 таси қишлоқ жойларда амалга оширганлик учун 2020 йил 1 январгача татбиқ этилиши белгиланди. 
Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар учун ҳамда мамлакатимизда автомобиль саноатини янада ривожлантириш мақсадида берилган солиқ имтиёзларининг муддати 2020 йил 1 январгача, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар учун берилган солиқ имтиёзларининг муддати 2019 йил 1 январгача узайтирилди. 
Ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш тартибларини бирхиллаштириш мақсадида 2017 йил 1 январдан бошлаб бошқа тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ягона ижтимоий тўловни ҳар бир ходим учун ойига минимал иш ҳақига каррали миқдорда ҳисоблашнинг амалдаги тартиби чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаси корхоналарига ҳам татбиқ этилиши белгиланди. 
Асосий солиқ турлари бўйича ставкалар 2016 йил даражасида қолди. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, юридик шахсларнинг фойда, мол-мулк, ягона ер ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, экспорт қилувчи корхоналар учун фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ставкалари ва мол-мулк солиғининг регрессив ставкасини қўллаш тартиби сақлаб қолинди. 
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолият турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2016 йил даражасида сақлаб қолиниши баробарида 2017 йилнинг 1 январидан эътиборан ҳунармандларга (қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича) энг кам иш ҳақининг 0,5 баробари миқдорида қатъий белгиланган солиқни тўлаш тартиби жорий этилди. Давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар бўйича тўловлар ставкалари ўтган йил даражасида қолдирилди. 
Юртимизда ўртача турмуш даражаси ва энг кам иш ҳақи миқдори ошгани, шунингдек, инфляция даражаси инобатга олиниб, айрим солиқлар ставкалари индексация қилинди. 
Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ солиш билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ қарзи бир йил мобайнида тўланмаган тақдирда қарзни ундиришни мол-мулкига қаратиш учун белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган (юридик шахслар энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача, жисмоний шахслар учун 5 баробаригача) ҳолларда ҳам мажбурий ундирувга қаратиш тартиби белгиланди. 
Нотижорат ташкилотлари томонидан бошқа даромадлари бўйича солиқ мажбуриятларини бажаришда турлича талқин этишларни олдини олиш мақсадида Солиқ кодексининг еттита моддасига ўзгартириш киритилди. Йил мобайнида ягона солиқ тўловига ўтаётган умумбелгиланган солиқ тўловчилар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан аввал топширилган йиллик ҳисоб-китоб бўйича мажбуриятлар қайта ҳисобланиши лозимлигидан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг учта моддасига мазкур ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатларини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди. 
Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, Жиноят, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодекслари сингари 13 қонун ҳужжатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 
2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Айни пайтда юридик шахслар мурожаатига асосан корхона тугатилаётганида ўтказиладиган текширишлар сақлаб қолинди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилгани ҳолатлари бўйича берилган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига биноан қисқа муддатли, яъни 8 соатдан ошмайдиган текширишлар ўтказилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. 
Молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этса ва бу ҳуқуқбузарлик инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказмаса, у етказилган зарарни белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда қопласа, яъни солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўласа, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялардан (пенядан ташқари) озод қилинади. 
Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланган. 
Шундан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодексининг 7 та моддасидаги жиноят турлари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41 та, шундан маъмурий жазо қўллаш солиқ органлари ваколатида 9 та моддасидаги жавобгарлик чоралари либераллаштирилди. 
Жиноят кодексида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинламаслик белгилаб қўйилди. 
Тадбирда солиқ мажбуриятларини ўз вақтида тўлаб, солиқ қонунчилигига риоя этиб, иқтисодиётимиз юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ намунали солиқ тўловчилар Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 
14 январга қадар давом этадиган кўргазмали семинарда солиқ қонунчилигига киритилган янгиликлар моҳияти махсус стендлар, буклетлар, видеороликлар, слайдлар ва бошқа кўргазмали воситалар, тарқатма материаллар орқали намойиш этилмоқда. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан жавоб олмоқда. 

Манба: www.gov.uz