Эл саломатлигига ҳисса қўшаётганлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу соҳадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
“Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнини замонавийлаштириш, халқаро сифат менежменти тизимини жорий этиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Концерн таркибига кирувчи “Radiks” илмий ишлаб-чиқариш корхонаси 2002 йилдан буён фаолият олиб бормоқда.
Бугунги кунда корхона антибиотиклар, инфузия эритмалари ва бошқа 130 турдаги препаратларни ишлаб чиқараётир. Дори-дармонлар замонавий ускуналарда ишлаб чиқарилади, тайёрланаётган маҳсулот сифати устидан қатъий назорат ўрнатилган.
Бу ерда ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошмоқда ва ҳозирги кунда 50 миллиард сўмга етди. Корхонада таркибида инъекцион ва инфузион дори эритмалари, таблетка ва капсулалар, суртма дори воситалари, суппозиторийлар, антибиотикни қуруқ қадоқлаш ва суюқ дори воситалари ишлаб чиқарувчи цехлар фаолият кўрсатмоқда.
2013 йилда корхонада амалга оширилган инвестиция дастурлари самарасида инфузион эритмалар ва таблетка дори цехлари модернизация қилинди. Ишлаб чиқаришда амалга оширилаётган технологик янгиланишлар замонавий, самарали дори турларини ўзлаштириш имконини бераётир. Мазкур корхонада ўтган йили ана шундай янги дори – диклофенак, тиокор каби инъекцион дорилар, кетопрофен таблеткаси, ампуласи, гели, амброксол таблеткаси ва флюконазол капсуласини тайёрлаш ўзлаштирилди ва тиббиёт амалиётига кенг жорий этилди.
Мазкур корхона ўз маҳсулотларини хорижий мамлакатларга экспорт қилмоқда. Корхона мутахассислари экспорт ҳажми ва жўғрофиясини кенгайтириш мақсадида хорижий мамлакатларда ўтаётган халқаро фармацевтика кўргазмалари ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этмоқда.
Кейинги йилларда фармацевтика саноати корхоналарида сифатни бошқариш бўйича менежмент тизимини жорий этиш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Натижада корхона халқаро ISO 9001 сертификатига эга бўлди. “Radiks” илмий ишлаб-чиқариш корхонасида GMP тизими жорий этилмоқда. Бу маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тизимда сифат ва самарадорликни юксалтириш, халқимизни сифатли дори-дармон билан таъминлаш, энг муҳими, экспорт ҳажмини йилдан-йилга кўпайтириш имконини беради.
Ўзбекистон бозорига сифатли дори-дармонлар етказиб беришдан ташқари, уларни экспорт қилиш кўлами ҳам кенгайтирилмоқда. Корхонада иккита инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, тўрт қаватли янги иншоот ҳамда Марказий Осиёда ягона бўлган – шиша ампула ва флаконни тўлик циклда ишлаб чиқариш цехи барпо этилди. Бунинг натижасида корхона қуввати уч баробарга ошди, иш ўринлари икки баробарга кўпайди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва биологик фаол қўшимчалар замонавий тиббиётнинг деярли барча соҳалари, хусусан, эндокринология, педиатрия йўналишлари ва қатор касалликларнинг олдини олишда ишлатилади. Бу йил яна бир неча турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Мамлакатимизда ўсадиган мингдан зиёд турдаги ўсимликда дориворлик хусусияти мавжуд. Шу боис “Radiks” илмий-ишлаб чиқариш корхонасида маҳаллий хомашё асосида биологик фаол қўшимчалар ва табиий гиёҳлардан сифатли дори-дармон, табиий шифобахш препаратлар ишлаб чиқарилаётир. Фундаментал ва амалий тадқиқотлар маҳсули бўлган асаб касалликларида қўлланиладиган “галантамин”, кардиологияда ишлатиладиган “аллапинин” препаратлари ҳам кенг миқёсда ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда корхона маҳсулотлари юртимизнинг барча ҳудудларидаги дорихоналарга етказиб берилмоқда.
Корхонада 420 нафар ишчи меҳнат қилмоқда, унинг 30 фоизи касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.
Манба: www.gov.uz